Ал-Хоразмий мактабида имтиҳонлар адолатли ўтяптими?
Жамият
−
13 Август 2021
12845Мингга яқин ўқувчилар, шовқинли атмосфера ва бироз иссиқ ҳаво. Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабда беш кундан буён айнан шундай муҳитда мактаб ўқувчилигига талабгорлар орасида тест синовлари бўлиб ўтди.
Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мазкур мактаб ҳудудида жорий йилнинг 7-12 август кунлари тест синовлари ўтказилиши айтилганди. Бундан ташқари, Aбу Aли ибн Сино номидаги ёш биологлар ва кимёгарлар ихтисослаштирилган мактаб-интернатига имтиҳонлар 7 август, Мирзо Улуғбек номидаги физика, математика, астрономия ва информатика фанларига ихтисослаштирилган мактабига эса 8-9 август кунлари тест синовлари бўлиб ўтган. Имтиҳонлар 3 сменада: соат 08:00, 12:00, 16:00 да ўтказилмоқда.
Мазкур ихтисослаштирилган мактабнинг 5 ва 10-синфида ўқиш истагини билдирган талабгорлар анчагинани ташкил этади. Сайт орқали 8 мингдан ортиқ ҳужжат қабул қилингани эса сўзимизнинг исботидир. Тест синовларида 5-синфга ариза топширган номзодлар учун математика ва инглиз тилидан умумий 40 та тест, 10-синфга ариза топширган номзодлар учун эса математика информатика, физика ва инглиз тили фанларидан умумий 40 та тест топшириқлари берилади. Берилган топшириқларни бажариш учун эса 2 соат вақт ажратилган.
Шу ўринда бир савол туғилади: беш кун давомида бўлиб ўтган тест жараёнларида ўқувчилар томонидан шпаргалкадан фойдаланиш ёки уни ичкарига олиб киришга уриниш каби ҳолатлар кузатилдими? Мазкур савол билан Президент таълим муассасалари агентлиги ходими Севара Шокировага микрафон тутдик.
“Тест синовларига киритилаётган талабгорлардан шу пайтга қадар телефон, шпаргалка ёки бошқа ҳисоблаш мосламалари топилган ҳолат мавжуд эмас. Ўқувчилар биринчи текширув постидаёқ ўз шахсий буюмларини, телефон ёки шунга ўхшаш қурилмаларини топшириб киришмоқда. Уларнинг буюмларини сақлаш учун бир марталик махсус идишлар мавжуд ва улар рақамланган ҳолда рўйхатдан ўтказилади. Имтиҳон якунлангандан сўнг эса бемалол ўз рақамлари билан шахсий буюмларини олишлари мумкин.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологияларига ихтисослаштирилган мактабимизда айни дамда 5-10-синфлар учун имтиҳон жараёнлари кетяпти. Математика ва информатика фанидан ҳар бир тўғри жавоб учун 3.1 балл, физика учун 2.1 балл, инглиз тили учун эса 1.1 балл берилади. Умумий ҳисобда 120 нафар ўқувчи учун квота ажратилган
Талабгорлар айнан Ўзбекистон фуқароси бўлиши керак. Қайси вилоятданлиги эса аҳамиятсиз”, дейди масъул ходим.
Маълум бўлишича, тестга киритилаётганлар орасида шу пайтга қадар СOVID-19 аломатлари мавжуд ўқувчилар аниқланмаган. Мактаб ҳудудида тез ёрдам хизмати ва тиббий пункт ҳам ташкил этилган бўлиб, тест жараёнларида ўзини ёмон ҳис қилган ўқувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, фарзандлари билан бирга келган ота-оналар учун махсус кутиш ҳудудлари ташкил этилган бўлиб, у ерда ўриндиқлар, чодир ва соябонлар ўрнатилган.
Барча фанлардан тест топшириқлари компьютерда топширилди. Мактабда ўқиш истагини билдирган талабгорлар сони катта бўлгани учун компьютер билан таъминлаш масаласи бошқа ташкилотлар ёрдамида ҳал этилган. Яъни, имтиҳон жараёнларидаги компьютерларнинг 80 фоизи мактабга тегишли бўлса, қолган 20 фози бошқа муассасалардан келтирилган.
Топшириқларни бажариб бўлган ўқувчининг тест натижалари балл кўринишида ўша вақтнинг ўзидаёқ мониторда кўринади. Ўқувчиларнинг мазкур ихтисослаштирилган мактабга қабул қилингани ёки қилинмагани эса барча тест натижалари умумлаштирилгандан сўнг, маълум қилинади.
LiveБарчаси