“Ал-Ақсо”да яна нималар бўляпти?

Олам

image

Бугун, 18 июль куни мутаассиб яҳудийлар Исроил полицияси ҳамроҳлигида Ислом динининг муқаддас қадамжоларидан саналган Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ҳудудига бостириб кирди.

Қуддуснинг Ислом жамғармалари бошқармаси хабарига кўра, 1 210 нафар мутаассиб “Ал-Ақсо” масжидининг жануби-ғарбидаги “Боб ал-Мағриб” дарвозасидан муқаддас қадамжога кирган.

Мутаассиб кайфиятдаги одамлар яҳудийлар халқининг миллий мотам куни – Тўққизинчи ава муносабати билан зиёратгоҳ ҳудудига бостириб киришга чақирган. Яҳудийлар шу куни шоҳ Соломон мақбараси вайрон қилинган, деб билади.

“Анадолу” агентлиги маълумотига кўра, Исроил полицияси “Ал-Ақсо”да фаластинликларга нисбатан куч ишлатган. Бир қанча фаластинлик қўлга олинган.

Бундан ташқари, кучишлатар тузилма ходимлари “Ал-Ақсо” ҳудудидаги Қибла масжидида пластик ўқ ва кўзни ёшлантирувчи газдан фойдаланган. Полиция “Ал-Ақсо” масжидининг барча кириш жойларида тўсиқлар ўрнатган. Бундан ташқари, 40 ёшга тўлмаган фаластинликлар зиёратгоҳга киритилмаяпти. “Ал-Ақсо” зиёратгоҳи атрофидаги кескинлик сақланиб қолмоқда.

Фаластин раҳбарияти Исроилни “Ал-Ақсо” масжидига нисбатан ташвиқотни тўхтатишга чақирмоқда.

Фаластиннинг расмий ахборот агентлигининг хабар беришича, Фаластин маъмурияти 1000 дан ортиқ мутаассиб яҳудийларнинг “Ал-Ақсо” масжидига бостириб киришини қоралаган ва Тель-Авивдан зиёратгоҳ атрофидаги зиддиятларга барҳам беришни талаб қилган.

Хабарда “Aл-Aқсо” масжидига қарши провокациялар хавфсизлик ва барқарорликка таҳдид солиши ва фаластинликларнинг диний ҳиссиётларини таҳқирлаши айтилган. Муқаддас зиёратгоҳ атрофидаги кескинлик учун жавобгарлик тўлиқ Исроил ҳукумати зиммасида экани таъкидланган.

Маълумот учун, Қуддусдаги “Ал-Ақсо” масжиди мусулмонларнинг биринчи қибласи ҳисобланади.

Мутаассиб яҳудийлар зиёратгоҳ шоҳ Сулаймон мақбараси вайроналари ўрнида барпо этилган деб, масжид ҳудудига тез-тез бостириб киради.

Исроил ва Иордания ўртасида 1994 йилда тузилган келишувга биноан “Ал-Ақсо” масжиди Қуддус Ислом жамғармалари бошқармаси томонидан бошқарилади.

Бироқ, 2003 йилдан бери яҳудийлар маъмурият рухсатини эътиборга олмай, Исроилнинг бир томонлама қарори билан полиция ҳамроҳлигида зиёратга бостириб киришни бошлади. Ислом жамғармалари бошқармаси бундай ҳаракатлар мусулмонлар суверенитетининг бузилиши эканини таъкидлайди.

Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида Исроил-Фаластин можароси кескинлашиб, тўқнашувлар бошланганди. 7 май куни бошланиб, 11 кун давом этган ўзаро ҳаво ҳужумлари натижасида Ғазо секторида яшовчи 232 нафар араб ҳалок бўлган ва 1900 га яқини жароҳат олган. Исроилда эса 12 нафар инсон вафот этган, юзлаб одамлар яраланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

449

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг