Акмал Саидов журналистлардан нега қочяпти?

Жамият 9298

Биз журналистларни нима қийнайди? Катта давраларда Янги Ўзбекистон, Конституцион ислоҳотлар, сўз эркинлиги, очиқлик сиёсати, инсон ҳуқуқлари ҳақида баландпарвоз нутқлар сўзлайдиган амалдорларнинг ОАВ ва журналистлар учун ёпиқлиги. Улар жамоатчилик олдида оташин ваъз ўқишади, жавобан қулоқни қоматга келтирадиган даражада қарсаклар чалинади. Аммо, аниқроқ савол бермоқчи бўлиб микрофон тутсанг – қочади! Фикр сўраб ортидан югурасан, одамларни ўйлантирадиган саволларга жавоб олишни истайсан, улар эса вақти йўқлигини рўкач қилиб сенга қўл силтайди.

Гапнинг бир учи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори Акмал Саидовга ҳам тегишли. 

Айни пайтда Конституцияга ўзгартириш киритиш ишларига “бош-қош” бўлиб турган Саидовни ҳар доим ҳам учратавермайсиз.

Яқинда Инновацион ривожланиш вазирлигига “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг мобил иловасини яратиш учун 2,6 млрд маблағ ажратишни сўраб таклиф киритилган эди. Бу лойиҳа эса айнан Акмал Саидов бошчилигида ишлаб чиқилган. Ижрочи ташкилот «Барқарор ривожланиш маркази» нодавлат-нотижорат ташкилоти бўлган. Лекин, вазир  Иброҳим Абдураҳмонов эса бу таклифни кескин рад этган. Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу таклиф бир эмас, иккинчи марта тақдим этилишидир. 

Хўш, Саидов фикридан қайтдими, ёки бу таклифни яна муҳокамага қўймоқчими? Мобил илова учун 2,6 млрд кўп эмасми? 

24 августь куни Инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашда давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳамкорлиги мавзусида бўлиб ўтган форумни очиб бериш маросимида нутқ сўзлаган Акмал Саидовдан шу саволларга жавоб олмоқчи бўлдик.  

Бироқ, Акмал Саидов вақти йўқлигини айтиб, интервю беришни хоҳламади. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори учун интервью беришдан бош тортиш жуда осон экан. Биз унинг ортидан микрофон тутганча ортидан югурдик. Йўлак бўйлаб шаҳдам қадам ташлаб кетаётган Саидов қайрилиб ҳам қарамай, бир неча бор қўл силтади, сўнг хизмат автомобилига ўтириб, равона бўлди. 

Хулоса сиздан...

Ҳулкар Муртазоева

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 180
Рейтинг: 3.1
t
×