Акмал Саидов: “Путин ҳам Шавкат Мирзиёевнинг 3 та ташаббусини 100 фоиз қўллаб-қувватлади”

Жамият 11336

Хабарингиз бор, кеча, 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги саммити бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, қатор таклифларни илгари сурди.

Саммитда Шавкат Мирзиёевнинг таклифларини Россия Президенти Владимир Путин ҳам қўллаб қувватлаган. Бу ҳақда бугун, 11 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Президентнинг ШҲТ саммитидаги таклифлари юзасидан ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

“Президентимиз бу йил тўртинчи маротаба ШҲТ раҳбарлари саммитида маъруза билан чиқди. Aгарда ҳамма маърузаларини кузатаётган бўлсангиз, уларни ҳар бирининг давомийлилиги, изчиллиги билан, ҳар босқичда давр талабига мос келиши билан ажралиб туради. Шавкат Мирзиёев ҳар бир чиқишларида авваламбор, ШҲТ маконидаги вазиятга баҳо беради. Муаммоларнинг ечими сифатида таклиф берадилар.

Бу йилги саммитнинг ўзига хос хусусияти видеоконференцалоқа тарзида ўтгани бўлди. Бу албатта пандемиянинг таъсири. Aммо шунга қарамасдан Президентимиз иқтисодий соҳада савдо иқтисодий алоқаларнинг кескин қисқариб кетгани, ишлаб чиқаришнинг пасайиб кетгани, ишсизликнинг ошиб бораётгани бу барча ШҲТнинг аъзоларига хосдир”, дейди спикер ўринбосари

Акмал Саидов сиёсий хавфсизлик соҳасига ҳам тўхталиб, кўпгина ҳудудларда ҳарбий-сиёсий вазият кескинлашиб кетгани ва миллатлараро, динлараро муносабатларнинг зиддиятлашуви чуқурлашганини таъкидлади.

“Шавкат Мирзиёев кечаги чиқишларида 6 аниқ йўналишда ташаббус бердилар. Иқтисодий соҳа, рақамли жамият, камбағалликка қарши кураш, пандемия даврида эпидемияларга қарши курашдаги ҳамкорлик, терроризм, экстремизм ва наркобизнесга муносабат ҳамда афғон муаммосини ҳал қилишда ШҲТнинг роли ҳақида айтилди.

Юртбошимиз Aфғон муаммоси бўйича БМТ нинг 75 йиллигига бағишланган юбилей сессияда Афғонистон марказий Осиёнинг таркибий қисми деган ғояни айтган эдилар. Чунки Aфғонистонни Совет давридагина Марказий Осиёдан чиқариб қўйганмиз”, дейди Саидов.

У сўзида давом этиб, Шавкат Миромонович Aфғонистоннинг Марказий Осиё билан Жанубий Осиё ўртасидаги кўприк вазифасини тиклаш кераклигини таъкидлаганини қўшимча қилди.

Қайд этилишича, ШҲТ ўзаро тажрибаларни ўрганишни таклиф қиляпти. Бу ерда энг катта тажриба Хитой Халқ Республикасида. Улардан ҳам кўп нарса ўрганиш керак. 

“Биз ўз мамалкатимиз даражасида, БМТ ташкилоти даражасида, қолаверса, минтақавий ташкилот бўлган ШҲТ даражасида ўрганамиз. Бу изчилликни билдиради.

Унинг маълум қилишича, кеча Россия Президенти Владимир Путин ҳам Шавкат Мирзиёевнинг 3 та ташаббусини юз фоиз қўллаб-қувватлашини билдирди”, деди спикернинг биринчи ўринбосари Акмал Саидов.

Маълумот учун, ШҲТ замонавий Халқаро муносабатларда ўзига хос ўринга эга. Бу ташкилот тузилганига 2021 йилда 20 йил тўлади. Ташкилот дастлаб 1996 йилда Россия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон томонидан “Шанхай бешлиги” шаклида ташкил қилинган. 2001 йилда унга Ўзбекистон ҳам қўшилган ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти деб қайта номланган. Ташкилот тузилганида 6 та давлат аъзо эди. Ҳозирги кунда уларнинг сони 8 тага етди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 188
Рейтинг: 3
t
×