Академик Эдвард Ртвеладзе вафот этди
Маданият-санъат
−
10 Февраль 2022
7120Атоқли археолог олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Ртвеладзе Эдвард Васильевич 80 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси маълум қилди.
Эдвард Ртвеладзе 1942 йил 14 май куни Грузиянинг Боржоми шаҳрида таваллуд топган. 1967 йилда тарихчи-археолог мутахассислиги бўйича Тошкент давлат университетини тамомлаган. Кейинчалик Москвада докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. 1989 йилда тарих фанлари доктори, 1992 йилда профессор, 1995 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси академиги бўлган.
Ўзбекистон Санъатшунослик илмий-текшириш институтида илмий ходим (1969–76), катта илмий ходим (1976–85), санъат тарихи бўлими мудири (1985 йилдан) вазифаларида меҳнат қилган.
Олимнинг илмий ишлари Ўрта Осиёнинг қадимий ва ўрта асрлар тарихи, археологияси, нумизматикаси, эпиграфикаси, санъати, маданияти тарихини ўрганишга бағишланган. Тошкент шаҳридаги археологик ёдгорликларни тадқиқ этган. Ўзбекистонда ва хорижда чоп этилган 800 дан ортиқ илмий мақолалар муаллифи.
Илмий фаолияти учун 1985 йилда “Беруний” номидаги Давлат мукофоти, 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени, 2003 йилда “Меҳнат шуҳрати” ва 2017 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени, билан тақдирланган. Шунингдек, 2001 йилда Грузиянинг “Гирсебис” (“Рицарлик шарафи”), 2006 йилда Грециянинг “Буюк Константин” орденлари билан мукофотланган.
Эдвард Ртвеладзенинг ишлари Франция, Япония, Англия, АҚШ каби хорижий мамлакатларда чоп этилади. У Вашингтон, Лондон, Париж, Турин, Никосия, Осака, Киото, Токио, Стокгольм, Москва, Цюрих ва бошқа шаҳарлардаги университетлар ва илмий муассасаларда маърузалар қилган.
LiveБарчаси