Ака-укалар ўртасида парчаланган салтанат ёхуд Амир Темурнинг сўнгги васияти қандай эди?

Бу қизиқ 26342
image

“Ғалаба учун йиллар давомида ҳаракат қилиш лозим, аммо мағлубиятга биргина ғафлатнинг ўзи кифоя”.

Тарих шундай фанки, ўтмишда ўтган халқлар ва миллатларнинг ривожи ҳамда таназзули ҳақида бизга батафсил сўзлаб беради. Катта империяни барпо этиш учун улкан куч-қудрат ва кўп вақт зарур. Аммо, тарих шуни кўрсатадики, машаққат билан улкан салтанат қурган ҳукмдор тўсатдан вафот этиб қолса, шу ондаёқ шаҳзодалар ўртасида тож-у тахт учун кураш авж олган. Бу эса ўз навбатида мамлакатнинг инқирозига, охир-оқибат таназзулига олиб келган. Бугунги мақоламизда Амир Темурнинг 35 йил мобайнида қурган улкан империясининг парчаланиши ҳақида сўз юритамиз.

Амир Темурнинг Рум сафаридан Самарқандга қайтиши

Соҳибқирон Амир Темур 1399 йилда Усмонийлар султони Боязид Йилдирим устига қилган юришидан 1404 йил 10 июнь куни пойтахт Самарқандга қайтиб келади. Соҳибқиронни кутиб олиш учун шаҳар аҳолиси, асилзодалар, Хўжа Юсуф, амирзодалардан Пирмуҳаммад ва Мирзо Қайду пешвоз чиқишади. 

Эртаси куни Амир Темур ўзида бироз чарчоқни ҳис қилади. Аммо буни ҳеч кимга билдиришни истамайди. Соҳибқироннинг хасталанганлигини сезиб қолган табиблар, Амир Темурга бир муддат эл-юрт ва салтанат ташвишларидан фориғ бўлиб, дам олиш зарурлигини маслаҳат беришади. Мавлоно Мир Али Табризий агар бу дарднинг олди олинмаса, дард зўрайиб кетишини далиллар билан исботлаб берганидан сўнг, Амир Темур бир муддат ҳордиқ чиқаришга қарор қилади. Бу фурсатдан фойдаланиб Соҳибқирон кўпдан бери ўйлаб юрган режасини пишитиб олади.

Хитойга қарши юриш режаси

Соҳибқирон Амир Темур Чин юртига юриш қилишни кўпдан бери режа қилиб юрганди. Бунинг учун асос ҳам бор бўлиб, асос бўлганда ҳам қонуний эди. Етти аср аввал, Хитой подшоҳлари Турк хоқонлигининг ўғилларини куёв қилиб ола бошладилар. Бу билан турклар орасида ўзларининг одамларини кўпайтирдилар. Хитой ҳукмдорлари турли хийла-найранг йўли билан буюк Турк хоқонлигини таназзулга учратиб, туркларнинг кўплаб ерларини ўзлаштириб олдилар. Ва ҳатто, Еттисув ва Фарғона водийсига ҳам бостириб кириб, Амир Темурдан ўлпон талаб эта бошладилар.

Соҳибқирон 1404 йилнинг кузида набираси Мирзо Улуғбекнинг тўйини ўтказиш баҳонасида ўз қўл остидаги оқиллар, вилоят ҳукмдорларини, қўшин бошлиқларини, тўра ва барча амалдорларни Самарқандга таклиф қилиб, ҳарбий қурултой чақиради. Унда Чин юртига ҳарбий юриш масаласи муҳокама қилинади. Қурултойда Хитойга қарши қилинадиган уруш ислом динини тарқатиш байроғи остида олиб борилиши ҳисобга олиниб, бу юриш муқаддас, деб эълон қилинади. Режага кўра, қишнинг бир қисмини Оқсулот қалъасида, қолган қисмини Ўтрорда ўтказиб, 1405 йил 3 март куни Хитой томон юриш бошлашга азму қарор қилинади.

Амир Темурнинг Чин юрти томон юриши

Соҳибқирон Амир Темур 1405 йилнинг 8 январида 200 минг кишилик лашкар билан Хитой сари отланди. Ўша йили қиш қаттиқ келган эди. Шунга қарамай, Соҳибқирон қўшинга тўхтовсиз ҳаракат қилишни буюради. Амир Темур музлаб қолган Сайҳун (Сирдарё) дарёсидан ўтаётганида, қишнинг совуқлиги шу даражада кучли бўлганки, тарихчи Шарофиддин Ал-Яздийнинг ёзишича, дарё устидаги музнинг қалинлиги 2-3 тирсакка тенг эди. Совуқдан кўплаб аскарларнинг қулоқ-юз ва бурунларини совуқ уриб кетади, кўплари эса совуқдан ҳалок бўладилар. Амир Темур изғиринли совуқда қўшинига руҳий далда бериш учун сочини олдириб устидан сув қуяди. Бу эса охир-оқибат Соҳибқиронинг қаттиқ шамоллашига олиб келади.

Амир Темурнинг сўнгги васияти

1405 йил 14 январь куни Соҳибқирон Ўтрор шаҳрига етиб келади ва кутилмаганда бетоб бўлиб, тўшакда ётиб қолди. Ўлими яқинлашаётганини сезган Соҳибқирон лашкар бошиларни ва султонларни ҳузурига чорлаб шундай дейди. 

“Англаб турибманки, руҳ қуши қалб қафасидан парвоз қилмоқчи. Тангри таолонинг даргоҳига жонимни бахш этётибман. Сизларни унинг лутф-у марҳаматига топширдим. Оби дийда қилиб ўтирманглар, оҳ-у нола чекманглар, чунки бундан фойда йўқ. Руҳимни фотиҳа ва такбир билан шод этинглар”. 

1992 йил нашр этилган “Амир Темур ўгитлари” тўпламида Соҳибқиронинг сўнгги васияти келтирилади.

“Алҳамдулиллоҳ, Тангри таолонинг ёрдамила маъмурайи оламни шундай забт этдимки, бугун тамоман Эрон-у Туронда бирон кишининг бошқаларнинг ишига аралашиш ёки жабр-у бепок қўлини бечораларга озор бериш учун кўтаришга мажоли йўқдир. Гуноҳим қанча кўп бўлса ҳам кечиринглар. Тангри таолонинг мулкини беқиёс сахийлик билан қўриқладим, золимларнинг таарузли қўлини мазлумларнинг ҳаёт этагидан юлуб ташладим. Салтанат қуриб ўлтирганимда, зўравоннинг заиф устидан зўравонлик қилишига йўл қўймадим.

Шундай бўлса-да, дунё менга вафо қилмади, сизларга ҳам вафо қилмайди. Лекин зўравонликка монелик қилиш, ишини кечиктириш мамлакатни хавф-у ғавғо остида қолдиради, жумлайи халойиқнинг ҳузур-ҳаловатини бузиб, маслаг-у тариқатнинг бузулишига олиб келади. Қиёмат куни буни биздан сўрайдилар, суриштирадилар.

Шу кундан эътиборан фарзандим Муҳаммад Жаҳонгир Мирзонинг ўғли Пирмуҳаммадни ўзимга валиаҳд ва тож-у тахт вориси этиб тайинладикким, Самарқанд тахти унинг амр-фармонида булғай. Тамкинлик ва истиқлол билан мулк-у миллат, лашкар ва раиятнинг муҳим юмушлари билан машғул бўлсин. Сизлар эса унга тобеълик ва бўйсуниш маросимини ўрнига қўйинглар, уни биргаликда қўллаб-қўлтиқланглар, токи олам бузилмасин.            

Ўғилларим! Миллатнинг улуғ мартабасини, саодатини сақламоқ учун сизларга қолдираётган васият ва тузукларимни яхши ўқинг, асло унутманг ва татбиқ этинг. Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир. Заифаларни ва йўқсилларни золимлар зулмига ташламанг. Адолат ва озодлик раҳбарингиз бўлсин. Мен каби узун салтанат сурмак истасангиз, қиличингизни ўйлаб чекингиз. Бир дафъа чекгандан сўнгра, уни усталик ила қўллангиз. Орангизга нифоқ тухумлари экилмаслиги учун кўп диққатли бўлинг. Баъзи нодимларингиз ва душманларингиз нифоқ тухумларини сочиб, бундан фойдаланмакка шошилажакдурлар. Фақат васиятимда сизга идора шаклини, унинг илкурларини кўрсатдим. Буларга содиқ қолсангиз тош бошингизга тушмас. Мендан сўнг хоқон Пирмуҳаммад бўлажакдур. Онга, менга итоат этар каби итоат этингиз”. 

Саройда ҳозир бўлганлар номидан амир Шоҳмалик ва Шайх Нуриддин улуғ Амир Темурни сўнгги охират йўлига жўнатиш олдидан унинг васиятларини сўзсиз бажариш ва унга амал қилишга ваъда берадилар. 1405 йил 18 февраль куни кечқурун буюк салтанат соҳиби Амир Темурнинг юраги урушдан тўхтайди. Унинг жасади Самарқандга олиб келиниб, ўз васиятномасига кўра пир-у устози Шайх Саид Барака хокининг оёқ томонига дафн этилади.

Амир Темур барпо этган улкан салтанат

Шундай қилиб, Соҳибқирон Амир Темур Кўрагоний 35 йил мобайнида Самарқанд тахтини бошқарди. Шу давр мобайнида 30 дан ортиқ ҳарбий юришлар уюштириб, 27 мамлакатни эгаллади. Соҳибқирон тузган салтанат сарҳадлари жанубда Арабистон яриморолидан шимолда то Москва князлигига қадар, шарқда эса Хитой ҳудудларидан ғарбда Ўрта ер денгизи ва Миср давлатлари ерларигача чўзилиб кетган эди.

Амир Темур Фарғонани ҳисобга олмаганда Мовароуннаҳрда ўзи ҳукмронлик қилиб, қолган ҳудудларни тўрт қисм — мулкка бўлган. Тарихчи Бўрибой Аҳмедовнинг ёзишича, Хуросон, Журжо, Мозондоран, Сеистон, (маркази Ҳирот) ҳудудлари Шоҳрух Мирзога, Ғарбий Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва Арманистон (маркази Табриз) Мироншоҳга, Эроннинг жанубий қисми (маркази Шероз) Умаршайхга, Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистон (маркази Ғазна кейинчалик Балх) набираси Пирмуҳаммадга суюрғол (инъом) қилиб бўлиб берилган эди. Бу улус мулклар марказий ҳокимиятга бўйсуниб, олий ҳукмдорнинг фармони билан авлоддан авлодга ўтаверган. Бу ҳол эса улкан салтанатнинг Амир Темур вафотидан сўнг бўлакларга бўлиниб кетишининг асосий сабаб бўлди. 

Соҳибқирон қурган салтанатнинг парчаланиши

Амир Темурнинг васиятига содиқ қолишга қасамёд қилган шаҳзодалар ҳали улуғ Амирнинг жасади сўвимасданоқ берган ваъдаларидан юз ўгириб, тож-у тахт учун кураш бошлаб юбордилар. Саркардалар ва сарой амалдорлари эса гуруҳбозликни авжига чиқариб, амирзодаларни қўлладилар. Натижада не-не заҳматлар ила Амир Темур томонидан бунёд этилган улкан салтанат чок-чокидан сўкилиб, таназзул томон юз тута бошлади. Фосиҳ Ҳавофий Амир Темурдан сўнг, тирик қолган унинг ўғил ва набираларини санаб, жами уларнинг сони 36 тага етишини таъкидлаган. 

Қобул ва шимолий Ҳинд мулкларнинг ҳокими бўлмиш Пирмуҳаммадни кўпчилик тахт эгаси сифатида кўришни хоҳламас эди. Бунинг устига у анча узоқда бўлиб, Самарқандга тезлик билан этиб келиши учун имкон ҳам йўқ эди. Амир Темур вафотидан сўнг, Мовароуннаҳр, Хуросон, Эрон, Озарбайжон, Ироқ ва бошқа ерларда нотинчлик бошланиб, ғалаёнли вазиятлар юзага кела бошлади.

Кўплаб сарой мулозимлари тахт эгалигига кўпроқ Шоҳруҳни маъқул кўриб, унинг инсоний сифатларига юқори баҳо беришган. Шоҳруҳ Мирзо тахт эгаси бўлишидан аввалроқ ҳам ўзининг оқиллик ва илмлилик, зукколик ва тақводорлик сифатлари билан ҳурмат қозонган эди. Шунингдек, бу вақтда Амир Темурнинг бошқа бир ўғли Мироншоҳ (1366-1408) ҳам ҳаёт бўлиб, у ҳам асосий тахт даъвогарларидан бири ҳисобланарди.

Темурий шаҳзодалар ўртасидаги Самарқанд тахти учун кураш

Тож-у тахт учун курашишни биринчи бўлиб Мироншоҳ Мирзонинг 22 ёшли ўғли шимолий ерлар (Тошкент, Сайрам, Туркистон) ҳокими Ҳалил Султон Мирзо бошлаб беради. Ўзбошимча Ҳалил Султон 1405 йил 18 март куни Самарқанд тахтини эгаллаб, ўзини Мовароуннаҳрнинг олий ҳукмдори деб эълон қилади. Ҳатто, у Пирмуҳаммадга тегишли Амударёнинг ўнг тарафидаги ерларни ҳам ўз тасарруфида, деб эълон қилади. Аввал, бошдан уни қўллаган Мовароуннаҳр амирлари, ҳарбий саркардалар кўп ўтмай ундан ихлослари қайта бошлайди. Ҳалил Султон ва айниқса унинг хотини Шодимулк пойтахтда кўплаб ножоиз ишларга изн беришади. Темур даврида нуфузли бўлган баъзи амалдор ва зодагонларнинг мулкини тортиб олиш бошланади. Давлат хазинаси ўз ҳолича совурилади, ҳокимиятга кўплаб номақбул амалдорлар кела бошлайди. Шоҳруҳ билан биринчи ўзаро низодан сўнг, Ҳалил Султон гарчи унинг олий ҳукмдорлик ҳуқуқини тан олса-да, Мовароуннаҳр унинг ихтиёрида қолажагини маълум қилади. Ҳалил Султонни Ироқ томондан бошқа бир куч отаси Мироншоҳ Мирзо ҳам қўллаб-қувватлайди.

Мовароуннаҳр ҳокими Ҳалил Султоннинг ўз ҳолича иш тутиши, темурий зодагон амирларнинг камситилиши, мусулмон уламолари, жумладан нақшбандия тариқатининг таниқли шайхи Муҳаммад Порсонинг таҳқирланиши мухолиф кучларнинг душманлигини кучайтириб юборади. Аввал, Фарғона ҳокими Амир Худойдод, Ўтрор ҳокими Бердибек кейинчалик, Ҳалил Султоннинг ўз укаси Мирзо Султон Ҳусайин Амударё бўйларида ўз акасига қарши бош кўтаради.

1407 йилниниг 22 февралида тахт валиаҳди ҳисобланган Пирмуҳаммад ўзининг вазири Пирали Тоз томонидан суиқасд натижасида ўлдирилади. Кейинчалик, ўзини Пирмуҳаммаднинг “қасоскори” деб эълон қилган Шоҳруҳ Пирали Тозни Ҳиротда қатл эттиради. 1408 йилнинг 22 апрелида эса қорақўюнли туркманлар билан жангда ҳокимият учун бошқа бир даъвогар Мироншоҳ Қора Юсуф томонидан ўлдирилади. Натижада, Озарбайжон ва Ироқ ҳудудлари темурийлар тасарруфидан чиқади.

Шоҳруҳ Мирзонинг Самарқанд тахтини эгаллаши

1409 йилнинг бошида Мовороуннаҳрда сиёсий вазият янада кескинлашди. Амир Худойдод шу вақтда Ҳалил Султонни Самарқанд яқинидаги Шероз қишлоғида мағлубиятга учратиб, унинг ўзини асирликка олди. Хуросон ҳокими Шоҳруҳ эса ўзига қарашли бўлган Мозандарон ва Машҳадни, сўнгра унинг мулкига ўтган Сейистон ва Кирмонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб, бутун эътиборини Мовароуннаҳрга қаратади. Шероз жангидан бир оз аввал, Шоҳруҳ Ҳалил Султонга Мовароуннаҳр тахти учун жанг қилиш хусусида хат юборган эди. Мактубда Шоҳруҳ салтанат марказидаги бедодликларга бундан буён бефарқ бўла олмаслигини билдириб ўтади. 

1409 йил 25 апрель куни Шоҳрух Мирзо Амударёдан ўтиб Самарқанд томон лашкар тортади.Тез орада, Амир Худойдод қўшинларини Шоҳруҳ юборган ҳарбий қисм тор-мор этиб, Ҳалил Султонни асирликдан озод қилади. Олижаноб инсонийлик сифатларига эга бўлган темурий Шоҳруҳ Мирзо ўзаро гина-қудратларни унутиб, Ҳалил Султонни яхши кутиб олади. Амир Худойдод эса мамлакатдан қочиб кетади. 1409 йилнинг декабрига қадар Шоҳруҳ Мирзо Мовароуннаҳрда тинчлик осойишталикни ўрнатиб, Ҳалил Султон ва бошқа темурий шаҳзодалар тарафдорларига қарши кескин чоралар кўради. Издан чиққан хўжалик ҳаётни, савдо-сотиқни тиклайди. Шоҳруҳ Соҳибқирон давлатининг ўзагини сақлаб қолишга муваффақ бўлиб, 40 йил барқарор ҳукмронлик қилади.

Шундай қилиб, Соҳибқирон вафотидан сўнг, амалдорларнинг тарафкашликлари, маликаларнинг ўзбошимчалик билан иш тутиши ва темурий шаҳзодалар ўртасида бошланган адоватли кураш, охир-оқибат улкан салтанатнинг заифлашувига олиб келди.

Сардор Али Нурмат

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 456
Рейтинг: 3
t
×