АҚШнинг собиқ элчиси ҳибсга олинди
3-саҳифа
−
04 Декабрь 2023
10192АҚШнинг Боливиядаги элчиси бўлиб ишлаган собиқ америкалик дипломат Мануэль Роча Федерал тергов бюросининг узоқ йиллик текширувидан сўнг Куба ҳукуматининг агенти сифатида яширинча ишлаганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Бу ҳақда анонимлик шарти билан гапирган масаладан хабардор икки манбасига таяниб, “Associated Press” агентлиги хабар берди.
73 ёшли Мануэль Роча ўтган 1 декабрь куни Маямида ҳибсга олинган. Бугун, 4 декабрь куни жиноий иш судда ҳал бўлгач, иш бўйича батафсил маълумотлар эълон қилиниши кутилмоқда.
Манбалардан бирининг айтишича, Адлия вазирлиги Рочани Куба ҳукумати манфаатларини ҳимоя қилишда айбламоқда. Федерал қонун Қўшма Штатлардаги хорижий ҳукумат ёки ташкилотда сиёсий иш олиб бораётган одамлардан Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтишни талаб қилади.
Маълумот учун, Мануэль Рочанинг 25 йиллик дипломатик фаолияти асосан Совуқ уруш даврида Лотин Америкасида ўтган. Унинг дипломатик вазифалари Вашингтон Фидель Кастронинг коммунистик ҳукумати билан тўлиқ дипломатик алоқаларга эга бўлмаган бир пайтда Кубадаги АҚШ манфаатлари бўлимида хизмат қилишни ўз ичига олган.
Колумбияда туғилган Роча Нью-Йорк шаҳрида ишчилар оиласида ўсган ва 1981 йилда Ташқи хизматга қўшилишдан олдин Йел, Гарвард ва Жоржтаун университетларида таҳсил олган.
У 1997 йилдан 2000 йилгача Аргентинада АҚШ Ташқи ишлар хизматини бошқарган. Роча, шунингдек, Италия, Гондурас, Мексика ва Доминикан Республикасида хизмат қилган ва Миллий Хавфсизлик Кенгашида Лотин Америкаси бўйича эксперт бўлиб ишлаган.
Давлат департаментидан нафақага чиққанидан сўнг, Роча олтин қазиб олиш ва кўмир экспорт қилиш саноатида бизнес фаолиятини бошлаган.