АҚШнинг ИШИДга авиазарбаси оқибатида 10 нафар тинч аҳоли қурбон бўлган
Олам
−
13 Сентябрь 2021
6290АҚШ ИШИД террорчи гуруҳига берган авиазарбалар оқибатида Афғонистоннинг 10 нафар тинч аҳолиси ҳалок бўлган. Бу ҳақда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет маълум қилди.
Бачелет Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 28-сессияда сўзга чиқиб, жорий йилнинг 26 август куни Қобул аэропорти яқинида рўй берган теракт оқибатида 142 нафарга яқин тинч аҳоли, 13 америкалик аскарлар ва 28 нафар “Толибон” жангариси ҳалок бўлганини эслатди.
Унинг сўзларига кўра, ушбу терактдан уч кун ўтиб, АҚШ томонидан ИШИД гуруҳи аъзоларига уюштирилган ҳужумда 10 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Бачелет, шунингдек, Aфғонистоннинг Панжшер вилоятида “Толибон” ва қаршилик кучлари ўртасидаги тўқнашувлар натижасида тинч аҳоли ҳалок бўлгани ва инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканлигини билдирган.
Аввалроқ, АҚШ ҳарбийлари Афғонистон шарқидаги Нангархар вилоятига ҳаво ҳужуми уюштирган. Ҳужум натижасида “Хуросон ислом давлати” террорчилик гуруҳи (ИШИДнинг Афғонистондаги шохобчаси)нинг 2 нафар юқори мартабали аъзоси йўқ қилинган.
Эслатиб ўтамиз, , АҚШ тарихида энг узоқ – 20 йил давом этган ҳарбий операция жорий йилнинг 31 август куни якунланди. Аҳамиятлиси, америкаликлар Афғонистонни тарк этишга улгурмасидан жорий йилнинг 15 август куни "Толибон" ҳаракати ҳокимиятни эгаллади.
Президент Ашраф Ғани бошлиқ АҚШга ҳамкор ҳукумат ағдарилди. Президент Ғани мамлакатдан қочиб кетди. Ҳозирда Афғонистонда "Толибон" билан фақатгина Миллий қаршилик фронти курашмоқда. Толиблар қаршилик кучларининг маркази бўлган Панжшер вилоятига ҳам кириб борди.
LiveБарчаси