АҚШнинг 2 та ҳарбий кемаси Тайвань бўғозидан ўтди
Олам
−
29 Август 2022
7315АҚШнинг иккита ҳарбий кемаси халқаро сув йўллари орқали Тайвань бўғозига кирди. Бу ҳақда кеча, 28 август куни “Еттинчи флот" матбуот хизмати маълум қилган.
Қайд этилишича, АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари операцияни тасдиқлаган ва унда “Chancellorsville" ва "Antietam" крейсерлари иштирок этганини маълум қилган.
“Ушбу ҳаракат узоқ режалаштирилган эди ва АҚШнинг Хитой ҳамда Тайвань ўртасидаги можарога нисбатан сиёсатига ҳамда эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани минтақасига интилиш истагига мос келади. Бу кемалар исталган қирғоқбўйи давлатининг ҳудудий сувларидан ташқаридаги коридор бўйлаб ўтган”, дейди АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби.
Шунингдек, у бу халқаро ҳуқуққа зид эмаслигини таъкидлаган.
Қайд этиш керакки, бундай ҳаракатлар одатда 8 дан 12 соатгача давом этади ва хитойлик ҳарбийларнинг яқин назорати остида амалга оширилади. Бу АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси август ойи бошида Тайванга ташриф буюрганидан кейин Тайвань бўғозига кирган биринчи АҚШ ҳарбий кемаси бўлди.
Тайвань ва АҚШ муносабатлари
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси