АҚШни бой қилган уруш. Биринчи жаҳон урушининг тугаганига 103 тўлди (2-қисм)

Бу қизиқ 8952
image

“Уруш инсониятга азоб-уқубат келтириши мумкин бўлган энг катта офатдир. У динни, давлатларни, оилаларни вайрон қилади. Ҳар қандай мусибат ундан афзалроқдир”.

Немис илоҳиётчиси Мартин Лютер

Уруш шундай жараёнки, у рўй берган жойда тинчликни, тўқликни, ҳаловатни, бахтни топиб бўлмайди. XX асрнинг бошларида очкўз империялар ўртасида дунёни қайта бўлиш истаги кенг ёйилди. Бунинг натижасида дунёни зир титратган тарихдаги биринчи энг йирик ҳарбий тўқнашув келиб чиқди. Тарихга “Биринчи жаҳон уруши” номи билан кирган бу урушда дунёнинг 38 та мамлакати иштирок этди.

Куни кеча эълон қилинган “Дунёнинг иккига бўлиниши. Биринчи жаҳон урушининг бошланиши (1-қисм)” номли мақоламизда жаҳон урушининг бошланиш сабаблари ва унинг бориши ҳақида маълумот берган эдик. Мавзуни давом эттирган ҳолда бугун Биринчи жаҳон урушидаги қонли қирғинлар, АҚШнинг урушга қўшилиши, урушнинг Туркистон халқларига таъсири ҳамда “Учлар иттифоқи”нинг мағлуб бўлиши ҳақида сўз юритамиз.

Денгиз жанглари

Қуруқликдаги уруш ҳаракатларида ҳар икки тарафнинг кучи тенглиги кузатилди. Лекин, денгизда “Антанта” иттифоқи сўзсиз устунлик қилди. 1914 йилда Германия ҳарбий-денгиз флоти бир қатор жангларда мағлубиятга учради. Шимолий денгизни Англия флоти эгаллаб олди. Ўрта Ер денгизи ҳам Франция ва Буюк Британиянинг назоратида эди.

Уруш давомида ҳарбий қуролларнинг янги турларидан кенг фойдаланилди. Хусусан денгиз жангларида янги кашф этилган сув ости кемалари муҳим роль ўйнади. 1915 йилнинг февраль ойигача немис сув ости кемаси душманнинг битта линкорин (катта кема), бешта крейсер (линкориндан кичикроқ, тез юрар ҳарбий кема), авианосец (самолётлар учиши ва кўниши учун мослашган ҳарбий кема), канонерка (кичик ва енгил, тезюрар ҳарбий кема) ва битта сувости кемасини уммон тубига ғарқ қилган.

1915 йилнинг февраль ойида Германия императори Вильгельм II нинг фармонига мувофиқ Ла-Манш бўғози “ҳарбий ҳудуд” деб эълон қилинди. 18 февралдан бошлаб бу ҳудуддан сузиб ўтаётган барча кемалар уммон тубига чўктирилди. Немис сувости кемалари ҳеч қандай огоҳлантиришсиз бетараф давлатларнинг кемаларига ҳужум қила бошлади. 1915 йил 7 май куни немис сув ости кемаси Англиянинг “Лузитания” кемасига ҳужум қилди. Кема бортида 2 мингдан ортиқ йўловчи бўлиб, ҳужум натижасида 1195 киши ҳалок бўлди.

Италиянинг урушга қўшилиши

Урушнинг чўзилиши томонларни янги иттифоқчилар излашга мажбур қилди. 1882 йилда “Учлар иттифоқи”га қўшилган Италия, уруш бошланган вақтда бетарафлигини эълон қилди. 1915 йилга келиб Италия ҳукмрон доиралари қайси иттифоқ томонидан урушга киришга иккиланиб қолди. Улар ҳам “Антанта” давлатлари, ҳам “Учлар иттифоқи” билан савдолашди. Шу вақтда Германия ва Австрия-Венгрия қўшинлари Марна соҳилида, Польша ҳамда Галицияда мағлубиятга учради. Бундан фойдаланган Франция ва Англия Италияга катта-катта ваъдалар бериб, унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирди. Пуч ваъдаларга ишонган Италия 1915 йилнинг май ойида Австрия-Венгрия ва Германияга уруш эълон қилди.

Буюк чекиниш

1915 йилнинг бошига келиб Шарқий фронт урушнинг асосий жанг майдонига айланди. Германия ва Австрия-Венгрия ўз қуролли кучларининг ярмига яқинини Шарқий фронтга олиб келиб, ҳужумга ўтди. Рус армияси ҳимояланишга мажбур бўлди. Тўқнашувлар оқибатида Россия ўзининг 850 мингга яқин солдат ва зобитини йўқотди. Бундан ташқари, 900 минг киши асирга тушиб қолди.

1915 йилнинг ёзида Германия бош штаби Россия армиясига ўқ дори ва озиқ-овқат етмаслигидан хабар топди ва Шарқий фронтда янги ҳужум бошлади. Оғир ҳолатга тушиб қолган подшоҳ ҳукумати армияни сақлаб қолиш учун 1812 йилда Наполеонга қарши қўлланилган тактикани такрорлашга буйруқ берди. Унга кўра, рус қўшинлари Польшани, Болтиқбўйи, Ғарбий Беларусь ва Ғарбий Украинани ташлаб чиқишга мажбур бўлди. Бу чекиниш Россияни муқаррар мағлубиятдан сақлаб қолди ва тарихга “Буюк чекиниш” номи билан кирди.

Дарданел операцияси

Ўша вақтда Англия армиясида хизмат қилаётган ёш зобит Уинстон Черчиллнинг ташаббуси билан “Дарданел операцияси” деб номланган ҳужум амалга оширилди. Бу ҳужум 1915 йилнинг 19 февралидан, 1916 йил 9 январгача давом этди. Бундан мақсад Усмонийлар империясининг пойтахти Константинополни қўлга киритиб, туркларни урушдан чиқариш ва Россия империясига ёрдам учун денгиз йўлини очиш бўлган. Бироқ бу ҳужум муваффақиятсиз якунланди.

Верден қирғини

1916 йилга келганда уришаётган ҳар икки иттифоқчи мамлакатларнинг силласи қуриб қолди. 1915 йилда Шарқий фронтда Германия ва Австрия-Венгрия бир нечта ҳужумлар уюштирди. Бироқ Россия таслим бўлмади.

1916 йилда Германия эътиборини яна Ғарбга қаратди. “Учлар иттифоқи” Францияни таслим этиш учун асосий кучларини яна Ғарбий фронтга тўплади. Иттифоқчилар қўшини янги режа асосида ҳаракат қилиб, Верден шаҳрига ҳужум қилиш учун қулай фурсатни кутди. Агар Верден қалъаси немислар томонидан эгалланса, улар учун Парижга йўл очилар эди.

Верден қалъаси атрофида катта кучни тўплаган Германия ва унинг иттифоқчилари 1916 йил 21 февраль куни ўзларининг бор ҳарбий салоҳиятлари билан ҳужум бошлади. Немисларнинг артиллерияси француз-инглиз позициясини аёвсиз бомбардимон қилди. Франция ҳукумати фронтнинг бошқа қисмидаги дивизияларини Верденга жўнатишга мажбур бўлди. Қалъага келадиган йўлни француз аскарлари “Муқаддас йўл”, “Жаннатга йўл” деб атадилар. Чунки бу йўлдан кетган жангчиларнинг жуда озчилиги тирик қолган. Ҳужумлар натижасида немис армияси атиги етти километр олдинга силжий олди. Тўқнашувлар 10 ой давом этди ва ҳар икки томондан бир миллион аскар ҳалок бўлди. Шу сабабли бу жанг тарихга “Верден қирғини” номи билан кирди.

1916-1917 йиллардаги уруш ҳаракатлари

Германия қўшинлари 1916 йилнинг февраль ойида Ғарбий фронтда ҳужумга ўтгач, Франция ёрдам сўраб яна Россияга мурожаат қилди. Бунга жавобан генерал Брусилов қўмондонлигидаги рус армияси май ойида Шарқий фронтда ҳужум бошлади. Австрия-Венгрия қўшинлари оғир аҳволга тушиб қолди. Ўз иттфоқдошини қутқариш учун Германия Ғарбий фронтдаги 11 та дивизиясини Шарққа кўчирди. Бу ғарбдаги француз-инглиз армиясига ҳужумга ўтиш учун имконият яратди. 1916 йил 1 июль куни Сомма дарёсининг бўйида француз-инглиз қўшинлари ҳужум бошлаб, Германия мудофаа чизиғини ёриб ўтди. Айнан шу жангда янги қурол танк синовдан ўтказилди. Сомма жанги уруш тақдирига катта таъсир кўрсатди. Тарихий ҳужжатларда қайд этилишича, бу тўқнашувда ҳар икки томондан жами 1 миллион 300 минг киши ҳалок бўлган.

АҚШнинг урушга қўшилиши

1917 йилнинг баҳорига келиб Германия ва унинг иттифоқчилари анчайин заифлашиб қолди. Хатто, Германияда урушга қарши намойишлар бошланди. Буни диққат билан кузатиб турган АҚШ “Антанта” томонидан урушга қўшилишга қарор қилди. Бундан ташқари, Америка Буюк Британия ва Францияга катта миқдорда қарз берган эди. Агар “Антанта” иттифоқи урушда мағлуб бўлса, олинган қарзлар қайтарилмасди. Шундай қилиб 1917 йил 6 апрель куни АҚШ “Учлар иттифоқи” га қарши уруш эълон қилди ва жаҳон урушига кирди.

Биринчи жаҳон урушининг Туркистонга таъсири

Бошланган уруш Россия иқтисоди оғир аҳволда эканини кўрсатиб қўйди.  Армия жанговар ҳолатга тайёр эмасди, ўқ-дорилар етишмаслиги сезилиб турарди. Уруш давомида қишлоқ хўжалиги вайрон бўлди, экин майдонлари қисқариб кетди, қишлоқда ишчи кучи етишмас эди.

Талафотлар ўрнини тўлдириш ва ҳарбий харажатлар ўсишини қоплаш мақсадида қўшимча маблағлар излар экан, Чор ҳукумати ўзи учун анча одатий ва энг осон бўлган йўлдан, яъни ўз мустамлака ўлкаларини талаш, уруш олиб бориш учун сарф-харажатларнинг катта қисмини мустамлакалари, жумладан, Туркистон ўлкаси гарданига юклаш йўлидан борди.

1916 йил 25 июнда эълон қилинган подшоҳ фармонига мувофиқ Туркистонда 19 дан 43 ёшгача бўлган маҳаллий миллатга мансуб эркакларни ҳаракатдаги армия минтақаларида мудофаа иншоотлари қуриш, шунингдек, давлат мудофааси учун зарур бўлган ишларга жалб этилди. Халққа қилинган бу қадар зулм ортидан Россияда Большевиклар давлат тўнтариши ўтказди. Подшоҳ ҳокимияти ағдарилиб, социалистлар давлат тепасига келди.

Урушнинг тугаши ва унинг оқибатлари

1918 йилга келиб Америка Европага 2 миллионга яқин қўшин жўнатди. АҚШ, Англия ва Франциянинг бирлашган армияси Ғарбий фронтда шиддатли ҳужумлар уюштирди. Узоқ давом этган уруш Германия, Австрия-Венгрия, Туркия, Болгариянинг тиззасини букди. 1918 йилнинг ёзида немис армияси Ғарбий фронтда кенг миқёсли ҳужум ташкил қилди. Аммо бу ҳужум бесамар якунланди. Бунинг оқибатида Германияда инқилобий ҳаракатлар авж олди.

1918 йилнинг сентябрида Болгария урушдан чиқди. Австрия-Венгрия империяси бўлинишни бошлади. 1918 йил 4 ноябрь куни Германияда инқилоб бошланди. Император Вильгельим II мамлакатдан қочиб кетди. 7 ноябрь куни немис армияси оқ байроқ кўтарди. 11 ноябрь куни Компен ўрмонида Германия таслим бўлганлиги ҳақида шартнома имзоланди. Шу тариқа Биринчи жаҳон уруши якунига етди. Бу урушда дунёнинг 38 та давлати қатнашди. Тарихий манбаларда қайд этилишича, уруш бошланганидан тугагунигача 74 миллионга яқин инсон фронтга сафарбар этилган. Шулардан 10 миллионга яқини ҳалок бўлган. 20 миллиондан ортиқ инсон майиб-мажруҳ бўлиб қолган.

Биринчи жаҳон уруши инсоният бошига кўплаб фалокатлар келтирди. Жаҳон уруши одамларни Ватандан, оиласидан, ҳаловатидан жудо қилди. Аммо миллионлаб одамларнинг ёстиғини қуритган урушдан деярли ҳеч бир давлат тўғри хулоса чиқара олмади. Бу эса биринчисидан кўра даҳшатлироқ, қўрқинчлироқ ҳалокатга – Иккинчи жаҳон урушига сабаб бўлди.

Сардор Али Нурматов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 275
Рейтинг: 3
t
×