АҚШлик эксперт давлатнинг қулаши ёки гуллаб кетиши нимага боғлиқ эканини тушунтирди
Интервью
−
22 Декабрь 2019
4634“Давлатнинг обрўси, унинг қулаши ёки гуллаб-яшнаб кетиши халқни қай даражада бирлаштиргани ва уларни қай даражада назорат қила олганига боғлиқ. Биз яқинда бўлиб ўтган Нигерия, Доминика Республикаси ва айрим Кариб денгизи давлатларидаги сайловларда сохталиклар юз берганини кўрдик. Бу иш унга ишонган жамият ва ҳамкорлик қилаётган давлатлар кўз ўнгида давлатни очиқчасига хароб қилиш ҳисобланади. Сайловларнинг очиқ ва шаффоф ўтиши орқали исталган вакилларнинг қонуний сайланишига эришиш мумкин. Биз ҳам Ўзбекистонда сайловлар шундай ўтишини хоҳлаймиз”, дейди сайлов кузатувчиси Грегори Копли.
Бугун, 22 декабрь Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, шаҳар, туман депутатлари Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтмоқда. Сайловни бевосита кузатиш учун чет элдан юзлаб халқаро экспертлар ташриф буюрган. QALAMPIR.UZ таҳририяти америкалик кузатувчи, халқаро стратегик тадқиқотлар уюшмаси президенти Грегори Коплидан интревью олди.
“Очиқ сайловлар одамларга ишонч ва барқарорлик тақдим этади. Кўриб турганимиздек, ҳозирда фуқаролар мамлакатни ривожлантиришни ўз зиммаларидаги масъулият деб қарашмоқда. Уларнинг орзусидаги Ҳукуматнинг шаклланиш жараёни анча вақтни талаб қилади. Бу давлат учун халқаро ҳамжамиятда ҳам муҳим ҳисобланади. Бу орқали давлат ўз обрўсини оширади ва мамлакатга инвестиция оқими кириб келишига кўмаклашади.
Менга ташрифим давомида бир тарафдан Фарғона водийси, иккинчи тарафдан Орол денгизи бўйларини кўриш бахти насиб этди. Айрим маҳаллий ҳокимликларнинг сайловни қонуний ўтишини таъминлашга бўлган иштиёқи, садоқати таҳсинга лойиқ. Биз кўриб турган сайловлар жуда яхши ташкил қилинган ва ҳозирча ҳалол олиб борилмоқда. Бу Ўзбекистон учун янги қадам сифатида эътироф этилади”, дейди Грегори Копли.
Маълумот учун, ISSA (The International Strategic Studies Association) АҚШнинг Вашингтон штатида жойлашган, миллий ва халқаро хавфсизлик, стратегик сиёсат билан шуғулланувчи нодавлат ташкилот ҳисобланади. Уюшма фаолияти 1982 йилда ташкил этилган бўлиб, у соҳа мутахассислари учрашиши ва ўзини қизиқтирган саволлар юзасидан фикр алмашиши учун хизмат қилади.
LiveБарчаси