АҚШга кучли торнадо кириб келиши ортидан 32 киши ҳалок бўлди

Олам

image

АҚШга ёпирилган кучли довул оқибатида ҳалок бўлганлар сони камида 32 кишига етди. Бу ҳақда CNN хабар берди.

Қайд этилишича, Миссури штатида камида 12 киши ҳалок бўлган. Улар орасида уйини торнадо вайрон қилган эркак ҳам бор. Миссисипи штатида эса олти киши ҳалок бўлгани ва уч киши бедарак йўқолгани маълум. Яна камида 29 киши яраланган. Канзасда саккиз киши, Арканзас ва Техасда уч нафардан, Оклахомада бир киши ҳалок бўлган.

Кеча, 15 март куни Бўронларни прогноз қилиш маркази Алабама ва Миссисипида максимал хавф даражасини эълон қилган. Шамол тезлиги 130 км/соатга етган. АҚШ ҳудудида бир суткада 27 та торнадо қайд этилган. Бўрон 100 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудга таъсир кўрсатган.

АҚШнинг жанубий штатларида 236 мингта уй электр таъминотисиз қолган. Канзасда ҳам довул туфайли чанг бўрони содир бўлган. Қолаверса, 50 та автомобиль иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган. Миссури штатида савдо маркази вайрон бўлган.

Маълум қилинишича, об-ҳаво ҳодисалари 138 миллион кишининг ҳаётига таҳдид солмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Нью-Йорк штати губернатори Кэти Хокул Лонг-Айлендда бир нечта кучли ёнғин ўчоқлари аниқлангани сабабли ҳудудда фавқулодда ҳолат режими жорий этилганини эълон қилганди. Ушбу ёнғинларга кучли шамол ва об-ҳаво ҳодисалари сабаб бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ довул Миссури

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг