АҚШдаги учрашув якунланди, музокаралар давом этади – Умаров
Олам
−
20 Декабрь 2902 2 дақиқа
Маямида АҚШ ва Европа Иттифоқи вакиллари билан учрашув якунланди. Кейинги музокаралар АҚШ ва Россия ўртасида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустам Умаров Telegram-каналида маълум қилди.
Унинг айтишича, учрашув кеча, 19 декабрь куни бўлиб ўтган. У деталларни ошкор қилмаган, аммо учрашувда “Киевнинг Европадаги ҳамкорлари” ҳам иштирок этганини қайд этган.
“АҚШ ва Европа ҳамкорларимиз билан учрашувни якунладик. Учрашув натижаларини Украина Президентига маълум қилдик. Американинг ҳамкорлари билан келгусидаги қадамлар ва яқин келажакда биргаликдаги ишларни давом эттиришга келишдик”, дея ёзган Умаров.
Маямига бормасдан олдин Умаров таъкидлаганидек, учрашувда 23 ноябрь куни Женевада Украина ва АҚШ делегациялари ўртасида муҳокама қилинган масалалар кўриб чиқилган. Ушбу масалалар, ўз навбатида, “Трампнинг Украина бўйича режасига” асосланган эди.
Бугун, 20 ва эртага, 21 декабрь кунлари Маямида Россия делегацияси, Президент вакили Кирилл Дмитриев бошчилигида музокараларда иштирок этади. У АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакиллари Стив Уиткофф ва Кушнер билан учрашади.
14–15 декабрь кунлари Берлин учрашувида Умаров билан бирга Президент Владимир Зеленский иштирок этган. Учрашув якунида АҚШ томони Украинага Россия билан уруш тугагач хавфсизлик кафолатларини таъминлашни ваъда қилган.
Шу билан бирга, Трамп режасидаги асосий баҳсли нуқта – Россияга Донецк ва Луганск вилоятларининг ҳали эгалланмаган ҳудудларини фактик равишда бериш масаласи. Берлин учрашувида Москва томонидан қўллаб-қувватланган Кушнер ва Уиткофф бу талабни илгари сурган.
Кремль томони эса бу масала бўйича талабларни очиқ ва тез-тез такрорламоқда. Президент Владимир Путин агар Киев унинг хоҳишини бажармаса, Украинанинг айрим ҳудудларини куч билан эгаллаш билан таҳдид қилмоқда.
Live
Барчаси