АҚШда ўзбекистонлик 11 йилга қамалди
Олам
−
11 Август 2022
17522Кеча, 10 август куни АҚШнинг Бруклин федерал судида ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” террорчилик ташкилотига моддий ёрдам беришда айбдор деб топилган Ўзбекистон фуқароси Дилшод Ҳусанов 11 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда Нью-Йоркнинг Шарқий округи суди хабар берган.
Судья Уильям Ф.Кунц II ўзбекистонлик Ҳусанов Иллинойс штати Чикаго шаҳрида яшаб келган ўзбекистонлик террорчиларга ёрдам беришда айбдор деб топган. Дилшод Ҳусанов 2021 йил октябрь ойида ўзига қўйилган айбловни тан олган қайд этилган.
Суд материалига кўра, Ҳусанов 2014-2015 йилларда ИШИД ва “Жабҳат ан-Нусра” сафига қўшилиб, жанг қилиш истагидагиларни Сурияга йўллаш учун пул йиғадиган молиявий тармоқ аъзоси бўлган. Молиявий тармоқ “чойхона” деб аталган. Ҳусанов молиявий ёрдам кўрсатиш билан чекланмай, атрофидагиларни Сурияда жанг қилишга даъват қилган. Хусусан, Ҳусанов 2014 йил 28 сентябрь куни таниши Акмал Зокировни “жиҳод”га ундаган. Шунингдек, ўша йили Бруклинда яшовчи Абдурасул Жўрабоев ва Аҳрор Саидаҳметов ИШИД сафида жанг қилиш учун Сурияга боришни режалаштиришган. Ҳусанов уларга молиявий ёрдам берган.
2015 йилнинг февралида Аброр Ҳабибов, Зокиров, Азизжон Раҳматов ва Дилҳаёт Қосимов Саидаҳметовнинг Сурияга сафари ва харажатлари учун пул ажратиш масаласини муҳокама қилган. Шунингдек, Раҳматов ва Зокиров Саидаҳметовнинг йўл кирасини тўлаш учун бошқалардан тиланчилик қилишга келишиб олган. Зокиров ўша пайтда Иллинойс штатида бўлган судланувчи билан боғланиб, ундан Саидаҳметовнинг сафари учун пул ажратишини, шунингдек, яна бир одамдан пул беришини сўраган. Ҳусанов рози бўлиб, Саидаҳметов жўнаб кетишидан олдин пулни Зокировнинг банк ҳисоб рақамига ўтказган. Саидаҳметов 2015 йилнинг февралида Жон Кеннеди халқаро аэропортида Сурияга йўл олган хорижлик жангчилар учун умумий транзит пункти ҳисобланган Туркиянинг Истанбул шаҳрига учаётган самолётда қўлга олинган.
Қайд этилишича, Ҳусанов тил бириктириш билан боғлиқ иккита жиноий иш бўйича судланган етти нафар судланувчининг олтинчиси. Бунгача Жўрабоев, Саидаҳметов ва Қосимовнинг ҳар бири 15 йилга озодликдан маҳрум этилган; Раҳматов 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилган; ва Зокиров тахминан етти ярим йил муддатга озодликдан маҳрум этилдган. Ҳабибов ҳукм чиқарилишини кутмоқда.
Ҳусанов жазо муддатини ўтаб бўлгач, Ўзбекистонга депортация қилинади.
LiveБарчаси