АҚШда қурол муомаласини чеклаш тўғрисидаги қонун маъқулланди
Олам
−
09 Июнь 2022
4047АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси мамлакатда қурол-яроғ айланмасини назорат қилишни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади. Кеча, 8 июнь куни ўтказилган учрашув C-SPAN телеканали томонидан эфирга узатилди.
Таъкидланишича, 223 нафар конгрессмен ташаббусни қўллаб-қувватлаган, 204 нафари унга қарши чиққан. Шу билан бирга, Қўшма Штатларда ҳукмрон Демократик партия қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган, Республикачилар партияси эса унга қарши чиққан.
Ҳужжат матнига кўра, чора-тадбирлар қурол айланиши билан боғлиқ айрим қонунбузарликлар учун қаттиқроқ жазо чораларини кўриш ва юқори сиғимли ўқдонларни сотувга қўйилишини тақиқлашни ўз ичига олади.
Қонун лойиҳаси АҚШ Сенати томонидан қабул қилинган тақдирда, ярим автоматик милтиқларни сотиб олиш мумкин бўлган ёш 18 дан 21 ёшгача кўтарилади. Бироқ, ташаббус республикачиларнинг позицияси туфайли керакли ёрдамни олмаслиги мумкин.
Аввалроқ, америкалик актёр Мэтью МакКонахи АҚШда қурол-яроғ назоратини кучайтириш кераклигини айтган. У она шаҳри Ювалдеда кўплаб одамлар ўлимига сабаб бўлган отишма юз бергач, шундай фикр билдирган.
Жорий йилнинг 24 май куни Техаснинг Ювалде шаҳридаги мактабда отишма юз берди. Оқибатда 19 нафар бола ва икки ўқитувчи вафот этди. Бу ҳодисадан фақат битта қиз қочишга муваффақ бўлди.
22 май куни АҚШнинг жануби-ғарбида Сан-Бернардино шаҳридаги чилимхонада отишма содир бўлди. Ушбу ҳодисада тўққиз киши яраланди, бир киши эса вафот этди. Гувоҳларнинг айтишича, отишма бино ичида бошланган, кейин автотураргоҳга кўчган.
3 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден мамлакатдаги оммавий отишмаларнинг кўпайиши сабабли қурол-яроғ назоратини кучайтириш зарурлигини таъкидлади.
Америкада қуролларни ўзи билан олиб юриш аксарият штатларда қонунийдир. Мэн, Луизиана ва Альяска штатлари қуролга эгалик қилиш тартиби энг енгил ҳудудлар ҳисобланади. 43 штатда қурол сотиб олишда лицензия сўралмайди.
Ойнисахон Абдуллаева
LiveБарчаси