АҚШда қор бўрони туфайли камида тўрт киши ҳалок бўлди

Олам

image

АҚШнинг марказий ҳудудларига қаттиқ қор бўрони ёпирилиши оқибатида камида тўрт киши ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда кеча, 6 январь куни NBC News телеканали хабар берди.

Телеканал хабарига кўра, Миссури штатида 61 ёшли Эверетт Картер қор тозалаш вақтида оғир жароҳат олиб, ҳалок бўлган. Жорий йилнинг 5 январь куни эса Канзас штатида об-ҳаво шароити сабаб юз берган автоҳалокатда икки киши ҳаётдан кўз юмган. Йўл патруль хизмати маълумотига кўра, йўлда сирпаниб кетган машина йўл четидаги тепаликка чиқиб кетиб, бир неча бор ағдарилиб тушган.

“Канзас йўл патрулининг ҳисоботида келтирилишича, иккала йўловчи ҳам хавфсизлик камарини тақмаган ва машинадан учиб чиққан”, дейилади хабарда.

Шунингдек, Техас штатида маҳаллий фуқаронинг жасади топилган. Унинг совуқдан музлаб вафот этгани айтилмоқда. Мазкур ҳолат бўйича полиция департаменти суриштирув ўтказмоқда, чунки жасад автобус бекати олдида топилган.

5 январь куни CNN телеканали АҚШда бўрон вақтида рекорд даражадаги қор ёғиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Марказий ҳудудларда қор ёғиши ва музламалар аллақачон кузатилмоқда. Телеканал маълумотига кўра, айрим ҳудудларда қор қатлами 35 сантиметрга, муз қатлами эса 70 мм га етган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Кентукки, Виржиния, Канзас, Арканзас ва Миссури штатларида кучли қор, ёмғир, музлаш ва момақалдироқ туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинган эди. 30 та штатдаги аҳолига бўронлардан ҳушёр туриш ва уйда қолиш тавсия этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ қор бўрони

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг