АҚШда торнадо қурбонлари сони ортди
Олам
−
18 Март
2332Жорий йилнинг 14 март куни АҚШнинг Ўрта, Ғарбий ва Жанубий ҳудудларида содир бўлган кучли торнадолар оқибатида камида 40 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, ўтган ҳафта охирида мамлакатда 75 га яқин торнадо қайд этилган. Энг кўп Алабама, Арканзас, Оклахома, Техас, Миссури ва Миссисипи штатлари жабр кўрган. Хусусан, Миссури штатида 12 киши ҳалок бўлган. Техас ва Канзас штатларида эса кучли шамоллар чанг бўронларини келтириб чиқарди. Оқибатда йўл-транспорт ҳодисалари юз бериб, ўнлаб одам ҳалок бўлди.
АҚШнинг 100 миллиондан ортиқ аҳолиси яшайдиган ҳудудини қамраб олган бу экстремал об-ҳаво шароити Оклахома штатида 150 га яқин ҳалокатли ўрмон ёнғинларини келтириб чиқарди. Ҳалок бўлганлар Арканзас, Алабама ва Миссисипи штатларида ҳам қайд этилган.
Техас, Луизиана, Алабама, Арканзас, Теннесси, Миссисипи, Жоржия, Кентукки ва Шимолий Каролина штатлари сув тошқинлари бўйича огоҳлантириш олган.
16 март куни оқшомда ҳудуд бўйлаб 320 минг одам электр таъминотисиз қолган. Жумладан, уларнинг 57 мингдан ортиғи Пенсильванияда ва 25 мингдан ортиғи Миссурида.
Арканзас, Жоржия ва Оклахомада фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Миссури губернатори Майк Кихо: “Штат бўйлаб вайронагарчилик мислсиз даражада”, дея таъкидлаган.
Мидвест штати Батлер округида бир одамнинг уйи бутунлай вайрон бўлиб, унинг яшаш жойи таниб бўлмайдиган ҳолатга келган.
“Фақат вайроналар қолди. Пол тескари ҳолатда ётарди. Биз деворлар устида юрар эдик”, дейди уй эгаси.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШга кучли торнадо кириб келиши ортидан 32 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинганди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампга таъзия мактуби йўллаб, вафот этганларнинг яқинларига сабр-тоқат ва бардамлик, жароҳат олганлар тез фурсатда шифо топишини тилаганди.
LiveБарчаси