АҚШда 51-штат пайдо бўлиши мумкин

Олам 7203
image

АҚШ Вакиллар палатаси кеча, 22 апрель куни мамлакат пойтахти Вашингтонни (Колумбия округи) 51-штат деб тан олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ёқлаб, овоз берди. Бу ҳақда CBS News телеканали хабар бермоқда.

“Бугунги ғалаба округ аҳолиси учун ҳам, Колумбия округининг давлатчилигини таъминлаш учун ҳам тарихий аҳамиятга эга эди”, дейди АҚШ Вакиллар палатасининг Вашингтондан вакили Элеонора Нортон.

Телеканал маълумотларига кўра, АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси тегишли ҳужжатни қабул қилган бўлса-да, Сенатнинг ушбу лойиҳани маъқуллаши эҳтимолдан йироқ. 

Қайд этилишича, ўтган йили ҳам Вакиллар Палатаси бундай ҳужжатни ёқлаб овоз берган, аммо ўша пайтда Республикачилар томонидан назорат қилинган Сенатнинг катта қисми уни қабул қилмаган. 

Бу сафар эса Сенатда Демократлар етакчилик қилмоқда, аммо бу ҳужжатнинг маъқулланиши учун уларнинг овози ҳам камлик қилади.

Агар Колумбия округи штатга айланса, бу унинг ихтиёрига икки сенатор ва Конгресснинг қуйи палатасида битта овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган вакилни тақдим қилади.

Аввалроқ Пуэрто-Риконинг АҚШга қўшилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. 

Маълумот учун, АҚШнинг биринчи штати – 1787 йилда ташкил қилинган Делавэр бўлган. Охири бўлиб 1959 йилда Аляска ва Гавайи Америка штатлари қаторидан жой олган. Ҳар бир штат мамлакат конституциясидан келиб чиққан ҳолда ички сиёсий мустақиллик, байроғ ва шиорга эга.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 205
Рейтинг: 2.9
t
×