АҚШда 11 сентябрь терактлари сабаб жорий қилинган фавқулодда ҳолат узайтирилди
Олам
−
10 Сентябрь 2022
7112Кеча, 9 сентябрь куни АҚШ Президенти Жо Байден мамлакатда 2001 йил 11 сентябрь терактларидан кейин жорий этилган фавқулодда ҳолатни бир йилга узайтирди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мамлакатда террорчилик таҳдиди сақланиб қолгани сабабли, 2001 йил 14 сентябрда эълон қилинган фавқулодда ҳолат яна бир йилга узайтирилди.
Амалдаги қонунга кўра, агар Президент фожиали сананинг навбатдаги йиллигидан кейин 90 кун ичида Конгрессга хабар юбормаса ва АҚШ Федерал реестрида эълон қилиш ҳақида буйруқ бермаса, фавқулодда ҳолат автоматик равишда тугатилади.
Фавқулодда ҳолат Президентга қўшимча қонуний ваколатларни беради. Масалан, Президент истеъфодаги ҳарбий хизматчиларни чақириши, ҳарбий эҳтиёжлар учун ажратилган маблағларни тақсимлаш бўйича ҳарбийларнинг ваколатларини кенгайтириши мумкин.
Маълумот ўрнида, 2001 йил 11 сентябрь AҚШ тарихида ўчмас “доғ” бўлиб қолди. Шу куни Aмерикада дунёдаги энг қўрқинчли ва қонли террорчилик ҳаракати амалга оширилди.
Йирик мегаполислар Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётларининг бошқарувини қўлга олган бир гуруҳ террорчилар Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатида жойлашган мамлакат Мудофаа вазирлигининг штаб квартираси – Пентагонга бориб урилди.
Террорчиларнинг Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо маркази эгизак биноларини қулатиши оқибатида 3 мингга яқин инсон ҳалок бўлган, яна 6 минг атрофида одам талафот кўрган. Расмий маълумотларга кўра, Нью-Йоркда – 2753, Вашингтонда – 189, Пенсильванияда – 44 киши вафот этган. Ҳалок бўлганлар орасида 3 ўзбекистонлик ҳам бўлган.
11 сентябрь хуружидан бери ўтган қарийб 20 йил давомида Нью-Йоркнинг Манхэттен тумани гуллаб-яшнади. Шаҳарда қайта қуриш ишлари ҳануз давом этмоқда. Маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар Нью-Йоркнинг тинч ва хавфсиз эканидан мамнун, аммо 2001 йилги фожиа кўпчиликнинг қарашларини ўзгартирган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси