АҚШ ва Туркия Сурия масаласида келишиб олди
Олам
−
18 Октябрь 2019
4267Туркия ва АҚШ Сурия шимоли-шарқидаги “Тинчлик булоғи” ҳарбий операциясини тўхтатишга келишиб олди. Бу ҳақда АҚШ вице-президенти Майк Пенс Анқарага ташрифидан кейин маълум қилди.
“Туркия YPG [курдларнинг Халқ мудофааси отрядлари] кучлари хавфсиз ҳудудни тарк этиши учун “Тинчлик булоғи” ҳарбий операциясини тўхтатади”, деди Пенс музокаралардан кейин ўтказилган брифингда.
Унинг сўзларига кўра, ўқ узишни тўхтатиш 120 соат давомида амал қилади.
“Ўқ узишни тўхтатиш амалга ошгани сабабли АҚШ Туркияга қарши келажакда ҳеч қандай санкция қўлламайди”, деб таъкидлади Пенс.
Бундан аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Пенс ва Давлат котиби Майк Помпеонинг Анқарага ташрифи якунида Туркиядан қойилмақом янгиликлар келганини, миллионлаб инсонларнинг ҳаёти қутқарилганини айтганди.
Эслатиб ўтамиз, Туркия жорий йилнинг 9 октябрь куни Сурия шимолида “Тинчлик булоғи” ҳарбий операциясини бошлади. Ҳарбий амалиёт курд ҳарбий тузилмаларига қаратилган. Бироқ мазкур амалиёт Сурияда янги қочқинлар оқимини юзага келтирди.
Сурия Ҳукумати Туркия ҳужумларининг бешинчи кунида уларга қаршилик кўрсатишга қарор қилди. Сурия қўшинлари Ҳалабдан шимолроқдаги Манбижга юборилди.
Бундан ташқари, АҚШ Туркияни ўз мақсадидан воз кечишга кўндириш учун унга қарши санкциялар жорий қилди.