АҚШ ва Исроил Эронга қарши чораларни кучайтиришга келишиб олди
Олам
−
07 Март 2023
3161АҚШ ва Исроил кеча, 6 март куни Эрон ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш учун ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда Оқ уйнинг икки давлат ўртасидаги қўшма баёнотида айтилди.
Қайд этилишича, Вашингтонда АҚШ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жейк Салливан, Исроил стратегик режалаштириш котиби Рон Дермер ва Исроил Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Тсачи Ханегби иштирокида АҚШ-Исроил стратегик маслаҳат гуруҳи йиғилиши бўлиб ўтган.
“Расмийлар Эрон ядро дастурининг боришини катта ташвиш билан кўриб чиқдилар ҳамда Исроил ва Қўшма Штатлар ўртасидаги хавфсизлик бўйича кўп йиллик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро мақсадни яна бир бор тасдиқладилар. Шу муносабат билан расмийлар Эрон томонидан ядро қуролига эга бўлишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ва Эроннинг минтақадаги душманлик фаолиятини янада тўхтатиш мажбуриятини олдилар”, дейилади Оқ уй баёнотида.
Шунингдек, АҚШ Қуролли кучлари ва Исроил мудофаа кучлари ўртасида яқинда ўтказилган қўшма машғулотлар натижалари ҳам муҳокама қилинган. Учрашувда томонлар Исроилнинг хавфсизлик ва Яқин Шарқ минтақасига сиёсий интеграциясини янада чуқурлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини кўриб чиққан. Салливан Президент Байденнинг 2022 йил июлида Исроилга қилган ташрифи чоғида имзоланган АҚШ-Исроил стратегик ҳамкорлиги тўғрисидаги Қуддус қўшма декларациясида ифодаланган Исроил хавфсизлигига содиқлигини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ воситачилар орқали Эрон билан ядровий дастур бўйича музокараларни бошлаган эди.
LiveБарчаси