АҚШ ва Ғарбнинг Россиядаги воқеаларга алоқаси йўқ – Байден
Олам
−
27 Июнь 2023
4514Америка Қўшма Штатлари ва умуман Ғарб Россиядаги исёнга уринишда иштирок этмади. Бу ҳақда кеча, 26 июнь куни АҚШ Президенти Жо Байден Оқ уйдаги матбуот анжуманида маълум қилди.
"Биз Россиядаги жума ва шанба (23, 24 июнь) кунги воқеаларга алоқадор эмаслигимизни аниқ айтдик. Бизнинг бунга ҳеч қандай алоқамиз йўқ эди. Бу Россия тизимининг ички курашининг бир қисми эди", деган Байден.
Шу билан бирга у Вашингтон, Россиядаги кейинги воқеалардан қатъий назар, Украинага ёрдам беришда давом этишини билдирган. Байденнинг таъкидлашича, у бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленскийга ўтган ҳафта охирида улар ўртасида бўлган телефон суҳбатида етказган.
Унинг сўзларига кўра, АҚШ бир нечта сценарийга тайёр эди. Шунингдек, Байден бошқа Ғарб етакчилари билан Россиядаги вазият юзасидан янги телефон маслаҳатлашувлари ўтказиш ниятида.
Эслатиб ўтамиз, Россияда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожиннинг Москва томон юриши бўлаётганда АҚШ Президенти Жо Байден Британия, Германия ва Франция етакчилари Риши Сунак, Олаф Шольц ва Эммануэль Макрон билан Россиядаги вазиятни муҳокама қилганди. АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба, G7 Ташқи ишлар вазирлари ва Европа Иттифоқи Ташқи сиёсати раҳбари Жозеп Боррель билан телефон орқали мулоқотда Россиядаги вазиятни муҳокама қилди.
Пригожиннинг бир кунлик исёни
Жорий йилнинг 24 июнь куни “Вагнер” жангчилари Ростовдаги Жанубий ҳарбий округ штаб-квартирасини эгаллаб олди. Пригожин Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов “Вагнер”га топширилишини талаб қилиб, Москвага боришини эълон қилди. Бу орада Москвада ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди. Россия Федерал хавфсизлик хизмати эса Пригожинга қарши жиноий иш қўзғатди. Кечга бориб Беларусь фуқароси Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб боргани маълум бўлди. Музокаралар якунида Россия ҳудудида қуролли ҳаракатларни тўхтатиш ва кескинликни юмшатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Пригожин ҳам Москвага кетаётган қўшинлари ортга қайтарилганини маълум қилди.
LiveБарчаси