АҚШ ва Ғарб Россиянинг “нозик нуқтаси”ни кўзламоқда
Олам
−
27 Январь 2022
18236Ҳозир оммавий медианинг эътибори Россия-Украина ўртасида тобора таранглашиб бораётган вазиятга қаратилган. Экспертларга кўра, дунё иккига бўлинган, Россия ҳамда Украина учун бирлашган Ғарб ва АҚШга.
Украина чегарасида 100 минглаб қўшин тўплагани айтилаётган Москва ўз қўшнисининг жанубий, шарқий ва шимолий сарҳадларини ўраб олган.
Маълум қилимнишича, Россия Беларуснинг Украина билан чегара ҳудудига ҳам қурол-яроқ жойлаштирмоқда.
Россия агрессиясига қарши бирлашган Ғарб ва АҚШ Кремлни қақшатқич санкциялар билан огоҳлантириб келмоқда. Шундай чекловлардан бири Россия газининг Европага импортини тўхтатиш эканлиги билдирилмоқда.
АҚШ Давлат департаменти Матбуот котиби Нед Прайснинг маълум қилишича, Россия ҳужумни бошлаган тақдирда АҚШ ва Германия “Шимолий оқим-2” лойиҳасини тақатақ тўхтатишга келишиб олган.
“Мен бир нарса ҳақида очиқчасига айтмоқчиман, агар Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса “Шимолий оқим-2” бир қадам ҳам олдинга силжимайди. Биз бу масала бўйича Германиялик ҳамкасбларимиз билан аллақачон келишиб қўйганмиз”, дея билдирган АҚШ Давлат департаменти вакили NPR броадкасти вақтида берган интервьюсида. Аммо у, санкция ҳақида ортиқча маълумотларни медиага ошкор қилмаган.
“Шимолий оқим-2” лойиҳаси Россия газини Болтиқ денгизи орқали Европа, ҳусусан, Германияга газ қувури орқали етказига мўлжалланган. Мазкур лойиҳа Россиядан Ғарбга газ экспортини икки баробарга ошириши тахмин қилинган.
Бундан ташқари, кеча, 26 январь куни, Вашингтон ва НАТО Россиянинг Украинани альянсга аъзо қилмаслик ҳақидаги талабига ёзма равишда рад жавобини юборган. Қўшимчасига, Ғарб Россияга Украина ҳудудида қуролланишни тўхтатиш борасида ўз талабларини қўйган.
Кремль Матбуот котиби Дмитрий Песковга кўра, ҳозирда Россия Президенти Владимир Путин АҚШ ва Ғарбнинг талабларини ўрганиб чиқмоқда.
Маълумот ўрнида, “Шимолий оқим-2” Россия тарихидаги энг йирик лойиҳалардан бири сифатида баҳоланмоқда. Россиядан Германияга томон тортилаётган газ қувурининг узунлиги 1 225 км бўлиши ва лойиҳа қиймати 11 миллиард АҚШ долларини ташкил этиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Россиядан газ экспорти тўхтатилган тақдирда, Ғарб Форс кўрфазидаги нефтга бой давлат Қатардан газ ола бошлайди. Ушбу масалани ҳал қилишда АҚШ Қатар ва Европа ўртасида воситачилик қилмоқда. Жорий йил 31 январь куни, АҚШ Президенти Жозеф Байден, Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ал-Сонийни Вашингтонга таклиф қилган. Билдирилишича, томонлар учрашув мобайнида Евроага газ етказиб бериш масаласини асосий кун мавзуси сифатида муҳокама қилади.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси