АҚШ ва Ғарб Хитойдан хавфсирайди – Путин

Олам

image

Хитой яқин 35-50 йил ичида АҚШни ортда қолдириб, дунёнинг энг қудратли иқтисодига эга давлатга айланади. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин анъанавий тарзда ўтказиладиган матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Европа Иттифоқи ва АҚШ Хитойнинг иқтисодий ривожланишидан хавфсираб, унга қарши санкциялар қўлламоқда. Лекин Путин бу сиёсатни хатолик дея таъкидлади.

“Ҳозирда Ғарб мамлакатлари Хитойнинг иқтисодий ўсишини сусайтиришга уринмоқда. Аммо бу нотўғри сиёсат. Улар сиёсий муаммоларни ҳал қилиш учун спортдан фойдаланишмоқда. Ҳеч бир давлат Хитойнинг ривожланишини тўхтата олмайди, охир-оқибат Ғарб буни тушуниши керак.  Хитой иқтисодиёт харид қобилияти бўйича АҚШ иқтисодиётидан аллақачон ўзиб кетган, 35-50 йил ўтади ва Хитой бошқа барча кўрсаткичлар бўйича ҳам муқаррар равишда дунёдаги биринчи иқтисодга айланади. Сиз буни тушунишингиз керак. Балки улар буни тан олгиси келмаётгандир ва шунинг учун Пекинда ўтадиган қишки Олимпия ўйинларини дипломатик бойкот қилишмоқда”, деди у.

Маълумот учун, жорий йилнинг 6 декабрь куни АҚШ Пекин Олимпиадасига дипломатик бойкот эълон қилди, бу Америка расмийларини ХХРга юбормасликни назарда тутади. Бойкот спортчиларга тааллуқли эмас. Айни пайтда АҚШ ташаббуси Австралия, Британия, Янги Зеландия ва Канада томонидан қўллаб-қувватланди. Хитой бу қарорни Олимпия Хартиясига зид равишда сиёсий манипуляция деб атади ва жавоб чораларини кўришга ваъда берди.

Шунингдек, Европа Комиссияси жорий йилнинг 1 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Хитойнинг дунёда таъсири кучайиб бораётганлигига қарши курашиш мақсадида, ривожланаётган мамлакатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун 300 млрд евро маблағ ажратишга қарор қилди. Бу пуллар 2027 йилгача Брюссель (Европа Иттифоқи) томонидан яратилган "Умумий дарвоза" (Global Gateways) лойиҳаси доирасида ишлатилиши режалаштирилган.

Достон Искандаров


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

302

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг