АҚШ ва Арманистон Президентлари Елизавета II нинг дафн маросимида протоколни бузди
Олам
−
20 Сентябрь 2022
15818Кеча, 19 сентябрь куни Қиролича Елизавета II нинг дафн маросими доирасидаги оммавий тадбирлар ўз ниҳоясига етди. Лондондаги Вестминстер саройига бутун дунёдан 500 га яқин юқори мартабали меҳмонлар йиғилиб, Қироличанинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Расмий тадбирлар вақтида ўта кўнгилсиз воқеалар юз бермаган бўлса-да, АҚШ ва Арманистон Президентлари маросим протоколини бузгани ОАВ эътиборини тортди.
Қиролича Елизавета II билан видолашиш учун белгиланган қоидалардан бири, бу дафн маросими вақтида суратга тушишга қўйилган тақиқ эди. Аммо Арманистоннинг 63 ёшли президенти Ваагн Хачатурян мотам маросимига ёрдамчиси билан келган ва у Президентни қўл телефонида тобут яқинида тасвирга олган. ОАВ маълумотларига кўра, бу 14 сентябрдан 19 сентябргача давом этган видолашув маросими вақтида суратга тушиш билан боғлиқ ягона ҳолат бўлган.
Маросимдаги яна бир хижолатли ҳолат АҚШнинг 79 ёшли Президенти Жо Байден билан юз берди. Қироличанинг дафн маросимига рафиқаси билан келган Америка раҳбари маросим вақтида кулгани камера объективларига тушиб қолган, хориж ОАВга кўра тадбир давомида ҳам Байден бир неча бор юзидаги табассумни кўрсатиб қўйган. Бу ҳолатлар ҳам дафн маросими протоколига зид ҳаракат ҳисобланади.
Қолаверса, яна бир эътиборли ҳолат Хитой делегацияси билан содир бўлди. Бир йил давомида Вестминстер саройига кириши тақиқланган Хитойнинг Лондондаги элчисига Британия расмийлари дипломатик истисно қилгани йўқ. Шу сабабли Хитой маросимга ХХР раисининг ўринбосари Ван Цишань бошчилигидаги делегацияни юборишига тўғри келган. Хитойнинг Лондондаги элчиси Чжэн Цзэгуануга ўтган йилдан бери Вестминстер саройига киришга рухсат берилмаяпти.
Шунингдек, Британия томонидан маросимга Россия, Мьянма, Беларусь Республикаси, Сурия, Венесуэла ва Афғонистон расмийлари таклиф этилмаган.
Маълумот учун, Буюк Британиянинг марҳум Қироличаси Елизавета II нинг дафн маросимида Ўзбекистон номидан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва Буюк Британиядаги Ўзбекистон элчиси Саид Рустамов иштирок этди.
Эслатиб ўтамиз, Қиролича Елизавета II 8 сентябрь куни 96 ёшида Шотландиядаги Балморал қасрида вафот этди. Унинг ўрнига тўнғич ўғли Чарльз монарх бўлди.
LiveБарчаси