АҚШ Ўзбекистонга силга қарши 6 та дорини рўйхатдан ўтказишга ёрдам берди
Саломатлик
−
06 Октябрь 2022
10003АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ўтган бир ярим йил давомида сил касаллигини даволаш учун олтита дори воситасини рўйхатдан ўтказишга кўмаклашди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
USAID’нинг техник ёрдами билан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг дори-дармонларни тезлаштирилган рўйхатга олиш тартибини (CRP-кооператив рўйхатга олиш тартиби) қабул қилди, бу Ўзбекистонда ушбу касаллик билан оғриган беморлар учун янги дори-дармонлардан тез ва хавфсиз фойдаланишни таъминлайди.
2021 йилда USAID’нинг кенг кўламли техник ёрдами натижасида силни даволаш учун ЖССТ дастлабки квалификациясидан ўтган икки дори – циклосерин ва протионамид Ўзбекистонда CRP орқали рўйхатдан ўтган биринчи дорилар бўлди. Мамлакатда кўп дориларга чидамли сил билан касалланиш даражаси кўрсаткичи дунёда энг юқори ўринлардан бири саналгани сабабли ушбу икки препаратнинг рўйхатдан ўтиши Ўзбекистон учун муҳим аҳамият касб этади. Циклосерин ва протионамид силни даволаш учун иккинчи қатор дорилари сарасига кириб, силга қарши стандарт дорилар натижа бермайдиган беморларда қўлланилади.
2022 йилда яна тўртта силга қарши дори рўйхатдан ўтказилди. Булар рифампицин, изоназид, пиразинамид ва этамбутол гидрохлоридидир. Ҳозирда силга қарши ЖССТнинг дастлабки квалификациясидан ўтган яна еттита дори рўйхатдан ўтиш жараёнида.
Булар кўп компонентли Рифампин ва Изоназид 150 мг /75 мг, Рифампин ва Изоназид сувда эрувчан таблетка шакли 75 мг/50 мг, Изоназид, Рифампин, Рифампицин. Изониазид. Пиразинамид ва этамбутол гидрохлорид USP 150мг/75мг/400мг/275 мг ва этамбутол BP 400 мг.
"USAID Ўзбекистон ҳукуматининг силга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашидан фахрланади. Ўзбекистонда силга қарши дориларни рўйхатга олишни тезлаштириш соғлиқни сақлаш тизимининг бошқа соҳаларига ҳам фойда келтиради ва хавфсиз ва самарали дори воситаларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради", деqди USAID’нинг Ўзбекистондаги Соғлиқни сақлаш идораси директори Черри Гумапас.
ЖССТнинг дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби мамлакатда ЖССТ маъқуллаган маҳсулотларини рўйхатдан ўтказишни тезлаштиради ва беморлар ва шифокорларнинг кафолатланган сифатли дори-дармонларни қўллашини тезлаштиради. Шунингдек, рўйхатдан ўтган дорилар, рўйхатдан ўтмаган фармацевтика препаратларидан фарқли равишда 15 фоиз ҚҚСдан озод этилади.
LiveБарчаси