АҚШ Ўзбекистонга 902 минг долларлик тиббиёт воситалари ҳадя қилди

Жамият 4474
image

Жорий йилнинг 28 июль куни АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактикаси марказлари (CDC) Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига қиймати 902 000 долларга тенг тиббиёт воситалари ва лаборатория жиҳозларини ҳадя қилди. Бу ҳақда Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси маълум қилди.

Тақдим этилган воситалар замонавий полимераз занжир реакцияси ускуналаридан фойдаланган ҳолда 25 000 та COVID-19 тестларини ўтказишга имкон беради. Ушбу технология одам организмида вирусли ДНК мавжудлигини касаллик белгилари пайдо бўлишидан аввал аниқлайди, бу эса соғлиқни сақлаш муассасаларига беморни жуда эрта изоляция қилиш ҳамда пандемияни тугатиш учун муҳим бўлган юқиш занжирини узишга имкон беради.

“COVID-19 пандемияси биз  учун умумий душман ва умумий жавобгарликдир. Ушбу ёрдам узоқ вақтдан буён АҚШ ҳукуматининг Ўзбекистоннинг жамоатчилик соғлиғини сақлаш йўлидаги таҳдидларга қарши курашида ёрдам беришга содиқлигига асосланган. Ушбу шериклик эпидемия бошланишидан анча олдин бошланган ва у тугаганидан кейин ҳам давом этади”, деди АҚШ муваққат ишлар вакили Алан Мельцер.

Мазкур ёрдам Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини коронавирусга қарши курашда қўллаб-қувватлаш учун CDC эълон қилган 2,07 миллион долларнинг бир қисми ҳисобланади. Касаллик авж олар экан, CDC Ўзбекистонга шошилинчи тиббий ёрдам марказлари ташкил этиш, чегарадан ўтиш жойларида тиббий кўрикни яхшилаш, клиник ва лаборатория назорати, маълумотлар устида ишлаш ва контактлар кузатуви бўйича онлайн маслаҳатлар ҳам бериб борди.

АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали коронавирусга қарши кураш учун тиббий, лаборатория ва техник кўмак сифатида яна қўшимча қарийб 4,2 миллион доллар тақдим этди. Бугунги кунгача АҚШнинг бу борада Ўзбекистонга кўрсатган умумий ёрдами 6 миллион доллардан ошди.

CDC Марказий Осиё ҳукуматлари билан соғлиқни сақлаш масалалари бўйича узоқ йиллик ҳамкорлик тарихига эга. У биринчи идорасини 1995 йили Олма-отада очган ва бугунги кунда Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда ўз ваколатхоналарига эга. CDC касалликларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга қарши курашишни яхшироқ амалга ошириш мақсадида ҳар бир мамлакатдаги соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда маҳаллий лабораториялар, касалликларни назорат қилиш ва ишчи кучини мустаҳкамлаш устида иш олиб боради.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 72
Рейтинг: 3.1
t
×