АҚШ Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари учун виза бериш тартибини кучайтирмоқчи
Жамият
−
17 Октябрь 2023
19951АҚШ ҳукумати Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг Европадаги аэропортлар орқали мамлакатга ноқонуний киришидан хавотирланяпти. Шу боис ҳам Вашингтон Европа Иттифоқи (ЕИ) аъзоларидан транзит виза бериш тартибини кучайтиришни талаб қилмоқда. Бу ҳақда "Bloomberg" нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.
Унга кўра, Жо Байден маъмурияти европаликларга эҳтимолий террорчиларнинг АҚШ ҳудудига кириб келишининг олдини олиш учун Марказий Осиёнинг айрим давлатларидан келган саёҳатчилар назоратга олиниши кераклигини билдирган.
Хусусан, Вашингтон мамлакатга Европа орқали ўтаётган Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларининг визалари жиддий текширилишини хоҳлаган. Бу билан муҳожирлар оқимини чеклаш ҳамда хавфсизликни таъминлаш масъулиятининг бир қисми ЕИнинг зиммасига ўтмоқда.
Бунга Ўзбекистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларидан бир гуруҳ мигрантларнинг ИШИД билан алоқадорликда гумонланаётгани ҳам сабаб бўлган.
Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатлари фуқаролари учун виза бериш масаласи тўғридан тўғри ЕИга аъзо давлатлар билан муҳокама қилиниши керак.