АҚШ Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига нима “совға” тайёрлаяпти?

Жамият

image

Жорий йилнинг 19 май куни конгрессменлар Трент Келли ва Висенте Гонсалес Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янада ривожлантириш бўйича резолюция лойиҳасини кўриб чиқиш учун АҚШ Конгрессига тақдим этди. Бу ҳақда мамлакат Конгрессининг расмий веб-саҳифасида хабар берилган.

Бугунга қадар ушбу резолюцияни 10 нафар конгрессмен қўллаб-қувватлаган. Июнь ойининг ўрталарига қадар ҳужжат АҚШ Вакиллар палатасида қабул қилиниши учун етарли овоз олиши кутилмоқда. 

АҚШ Конгресси томонидан махсус резолюциянинг қабул қилиниши Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги билан чуқур рамзий маънога эга.

Вакиллар палатасининг Халқаро алоқалар қўмитасида ўтказилган тингловлар вақтида конгрессмен Трент Келли АҚШ ва Ўзбекистон бир маромдаги иқтисодий ривожланишни таъминлаш ва минтақада барқарорликни сақлаш бўйича умумий мақсад ва устувор йўналишларга эга эканини таъкидлаган. 

Конгрессмен Келли ушбу қарорнинг қабул қилиниши икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир қадам эканини айтган.

Трент Келли АҚШ Конгрессини Ўзбекистон билан олиб борилаётган кенг кўламли ўзгаришларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, иқтисодий, савдо, сармоявий ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга чақирган.

Ушбу резолюцияда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетига содиқлиги қайд этилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда амалга оширилаётган муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар олқишланган. 

“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида мустаҳкамланган ислоҳотлар дастурининг аҳамияти алоҳида қайд этилади”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликнинг янги даврини бошлаб берган Ўзбекистон Президентининг АҚШга 2018 йилдаги тарихий ташрифи икки томонлама алоқаларнинг муҳим воқелиги сифатида кўрсатилган. 

Конгрессменлар икки томонлама сиёсий мулоқот механизми — “Стратегик шериклик мулоқоти” доирасидаги АҚШ ва Ўзбекистоннинг “Ҳар йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар”ини қўллаб-қувватлаган.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасида “Ўзбекистон бўйича кокус (маслаҳатчилар – таҳр.)” ташкил қилингани ва унинг “Америка ва Ўзбекистон сиёсий раҳбарлари ўртасида мисли кўрилмаган даражада диалог” ўрнатгани баён этилган. Миссисипи штати билан алоқалар эса чуқурлашгани алоҳида қайд этилган.

Ҳужжатда Ўзбекистоннинг мамлакат тарихида биринчи марта Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига 2021-2023 йилларга сайлангани алоҳида тан олинган ва Ўзбекистон ҳукумати ушбу мақомдан инсон ҳуқуқларини фаол қўллаб-қувватлашга ва унинг ҳуқуқларни ҳурмат қилмаганларни жавобгарликка тортишга чақирилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг минтақавий мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга, шунингдек, минтақа бўйлаб савдо учун янги имкониятлар ва Марказий Осиёдаги муаммоларни ҳал қилишга қаратилган саъй-ҳаракатлари қайд этилган. 

Ҳужжатда Ўзбекистон ҳукуматининг республикадаги инсон ҳуқуқлари ҳолатини яхшилашга, коррупцияга қарши чораларни ва суд тизимининг шаффофлигини оширишга, давлат хизматчиларининг жавобгарлигини кучайтиришга, сўз ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини таъминлашга, одам савдосига чек  қўйиш ҳамда дин эркинлигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар дастури олқишланган. 

Резолюцияда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги алоҳида ўрни таъкидланган. 

Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги диалогнинг Марказий Осиёдаги кўп қиррали ҳамкорликлари, шу жумладан, “C5+1” форматининг аҳамияти таъкидланган. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда иқтисодий етакчи сифатидаги роли ўсиб бораётгани тан олинган.

Эслатиб ўтамиз, май ойи бошида конгрессмен Трент Келли Конгресс раҳбариятига Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигини қўллаб-қувватлаш таклифи билан мурожаат қилди ҳамда Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва муҳтор элчиси Жавлон Вахобовга ўзининг ташаббускорона таклифи нусхасини берди.  

Маълумот учун, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги дипломатик алоқалар 1992 йилда ўрнатилган. Орадан 10 йил  ўтиб, 2002 йилга келганда икки ўртада “Стратегик шериклик ва ҳамкорлик асослари тўғрисида” декларация имзоланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

488

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг