АҚШ Украинага яна 600 млн долларлик қурол юборади
Олам
−
16 Сентябрь 2022
2350АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 600 миллион доллар миқдорда қўшимча ҳарбий ёрдам ажратишга кўрсатма берди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Байден АҚШ Давлат котибига Украинага ёрдам бериш учун Мудофаа вазирлигининг мудофаа маҳсулотлари ва хизматлари, ҳарбий тайёргарлик ва таълим учун 600 миллион долларгача маблағ ажратиш ҳуқуқини берган.
“Қўшма Штатлар иттифоқдошлари ва ҳамкорлари билан биргаликда Украина кучлари муваффақиятли қарши ҳужумни давом эттириш учун жуда самарали фойдаланаётган қурол ва жиҳозлар билан таъминламоқда. Президент Байден биз Украина халқини қанча вақт керак бўлса, қўллаб-қувватлашимизни аниқ айтди", дейди Давлат котиби Энтони Блинкен.
Вашингтон маъмурияти Киевга навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетига қандай қуроллар киритилишини ҳали эълон қилгани йўқ.
Блинкеннинг сўзларига кўра, пакет АҚШ Мудофаа вазирлиги захираларидаги қўшимча қуроллар, ўқ-дорилар ва жиҳозларни ўз ичига олади.
Шунингдек, Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби янги пакет катта эҳтимол билан илғор ракета тизимлари ва гаубицаларни ўз ичига олишини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Украинага 675 миллион долларга баҳоланган янги ёрдам траншини тасдиқлаган эди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь