АҚШ Украина ерларини бошқа давлат ҳудуди сифатида тан олмайди – Блинкен
Олам
−
30 Сентябрь 2022
3340Қўшма Штатлар тан олинмаган Донецк ва Луганск халқ республикалари, шунингдек, Херсон ва Запорожье вилоятининг озод қилинган ҳудудларида ўтказилган "референдум"лар натижаларини тан олмайди, Вашингтон Киевдаги амалдаги ҳокимиятни қўллаб-қувватлашда давом этади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди.
“АҚШ ҳамда бизнинг иттифоқчи ва ҳамкорларимиз Украинага ўз ҳудудини Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун курашда ёрдам беришда давом этади. Биз Украинанинг халқаро тан олинган чегаралари доирасидаги бирлиги, суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. АҚШ Президенти Жо Байден аввал таъкидлаганидек, биз бу ҳудудларни Украинадан бошқа давлатнинг бир қисми сифатида ҳеч қачон тан олмаймиз ва Украинани қанча вақт талаб қилса хам қўллаб-қувватлаймиз”, дейилади хабарда.
Блинкеннинг фикрича, бу референдумлар натижалари Украина халқининг иродасини акс эттирмайди.
“АҚШ бу референдумларнинг қонунийлигини ёки натижасини ҳеч қачон тан олмайди”, дейди у.
Маълумот учун, Россия Федерацияси таркибига қўшилиш бўйича бир томонлама референдумлар 23–27 сентябрь куни бир вақтнинг ўзида тўртта минтақада – ДХР, ЛХР, Херсон ва Запорожье вилоятларида ўтказилди. Минтақавий сайлов комиссиялари маълумотларига кўра, овоз берганларнинг аксарияти ушбу ҳудудларни Россия Федерацияси таркибига субъект сифатида киритиш тарафдори бўлган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси