АҚШ-Украина музокаралари: силжиш бор
Олам
−
16:06 2789 2 дақиқа
Берлинда Украина Президенти Владимир Зеленский билан бўлиб ўтган учрашув давомида жанг ҳаракатларини тўхтатиш йўлида “салмоқли илгарилаш”га эришилди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили Стивен Уиткофф кеча, 14 декабрь куни X ижтимоий тармоғида ёзди.
Уиткоффнинг қайд этишича, Украинада эҳтимолий ўт очишни тўхтатиш масаласи бўйича АҚШ ва Украина делегациялари ўртасидаги маслаҳатлашувлар 5 соатдан ортиқ давом этган. Учрашувда Трампнинг маслаҳатчиси ва куёви Жаред Кушнер ҳам иштирок этган. Уиткофф постида айтилишича, томонлар тинчликни тартибга солиш бўйича 20 банддан иборат режа, иқтисодий масалалар ва бошқа мавзулар юзасидан “чуқур муҳокамалар” ўтказган.
Германия канцлери Фридрих Мерц ҳам муҳокамаларнинг бошида қатнашган, кейинроқ ўз вакилини қолдириб, учрашувни тарк этган.
“Биз Украинада барқарор тинчликни истаймиз. Олдимизда мураккаб масалалар турибди, аммо олға интилишга қатъиян қарор қилганмиз”, деб ёзди Мерц X ижтимоий тармоғида.
Бугун, 15 декабрь куни маслаҳатлашувлар давом эттирилади. AFP агентлиги эслатишича, кечқурун музокараларга Европа давлатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ва НАТО раҳбарлари қўшилади.
Бундан олдин “Reuters” агентлиги Украина Президенти журналистларнинг WhatsApp орқали берган саволларига жавоб берар экан, тинчлик таклифларида муайян муросалар бўлишини айтганини хабар қилган. Хусусан, Киев НАТОга аъзо бўлиш ўрнига АҚШ, Европа ва бошқа ҳамкорлар томонидан юридик жиҳатдан мажбурий хавфсизлик кафолатларини қабул қилишга тайёр экани қайд этилган.
Шунингдек, “Reuters” маълумотига кўра, 14 декабрь куни Владимир Зеленский жанг ҳаракатларини ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб “музлатиб қўйиш”ни “адолатли вариант” деб атаган. Россия эса илгари бир неча бор Киевдан Россия Қуролли кучлари эгаллай олмаган Донецк ва Луганск вилоятларининг айрим ҳудудларидан ҳам украин қўшинларини олиб чиқишни талаб қилган.
Live
Барчаси