АҚШ учун янги хавф. Хитой гипертовушли ракетани синовдан ўтказди

Технология

image

Жорий йилнинг август ойида Хитой ядровий қурол ташишга қодир гипертовушли ракетани синовдан ўтказиб, АҚШ разведкасини ҳайратда қолдирди. Бу ҳақда “Financial Times” хабар бермоқда.

Қайд этилишича, синов пайтида гипертовушли ракета нишондан атиги бир неча ўн метрга четга чиқиб кетиб, кўзланган мақсадга эриша олмган. Бироқ, синов шуни кўрсатдики, Хитой гипертовушли қуролларни ишлаб чиқаришда ҳайратланарли ютуқларга эришди ва бу борада АҚШни ҳам лол қолдирди. 

“Биз буни қандай амалга оширганлари ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмасмиз”, деган АҚШ разведка жамияти вакилларидан бири.

Нашрнинг таъкидлашича, ракета назарий жиҳатдан Жанубий қутб устидан учиб ўтиши мумкин. Бу ракеталарга қарши мудофаа тизимлари шимолий қутб йўналишига йўналтирилган АҚШ ҳарбийлар учун жиддий муаммони юзага келтиради.

Пентагон Хитойнинг гипертовушли қуролларни синовдан ўтказгани ҳақидаги хабарларга изоҳ бермаган.

"Биз Хитойнинг ҳарбий салоҳиятидан хавотирдамиз. Бу минтақада ва ундан ташқарида кескинликни кучайтиради”, деган АҚШ ҳарбий вакили Жон Кирби.

Ўз навбатида, Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси вакили Лиу Пенгю Пекиннинг ҳарбий сиёсати мудофаа характерига эга эканлигини таъкидлаган. 

"Бизда АҚШ каби ҳарбий операциялар бўйича глобал стратегия ва режалар йўқ. Бизни бошқа давлатлар билан қуролланиш пойгаси қизиқтирмайди. АҚШ ўзининг гипертовушли қурол ишлаб чиқишини оқлаш мақсадида охирги йилларда “Хитой хавфи” ҳақидаги уйдирмани ўйлаб топган”, дейди у.

Маълумот ўрнида, Хитойнинг мақсади 2025 йилгача гипертовушли учиш механизмини, шу жумладан самолётни ракета тезлигига олиб чиқа оладиган реактив двигателни ишлаб чиқишдир.

2035 йилга қадар эса, Хитой бир соат ичида дунёнинг исталган жойига ўн нафар йўловчини етказиб қўя оладиган гипертовушли самолётлар паркини яратмоқчи. Ниҳоят, 2045 йилга келиб Хитой бу самолётларнинг ҳар бир рейсида 100 дан ортиқ йўловчиларни ташиши кутилмоқда.

Гипертовушли самолётлар асосан ҳаводаги кислород орқали ҳаракатланади. Шунинг учун у ёқилғининг юздан бир қисмини сарфлайди. Натижада, Хитой паст орбитага, Ойга ёки космик станцияларга йилига 10 минг тоннадан ортиқ юк ва 10 мингдан ортиқ йўловчиларни ташиш имкониятига эга бўлади.

Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

524

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг