АҚШ ТТП радикал гуруҳига қарши курашда Покистонга ёрдам беришга тайёр – Нед Прайс
Олам
−
20 Декабрь 2022
2754Вашингтон Исломободга “Таҳрик-и Толибон Покистон” (Покистон Толибон ҳаракати, ТТП) радикал гуруҳи жангарилари томонидан келаётган таҳдидларга қарши курашда ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда кеча, 19 декабрь куни бўлиб ўтган брифингда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс журналистларнинг Покистон шимоли-ғарбидаги террорчилик фаолиятини изоҳлаш талабига биноан маълум қилди.
“Биринчидан, биз, албатта, Покистондаги мавжуд вазиятдан хабардормиз. Жангарилар терроризмга қарши кураш бошқармаси Банну шаҳридаги ҳудудни эгаллаб олгани ҳақидаги хабарларни диққат билан кузатиб борамиз. Қурбонларга чуқур ҳамдардлик билдирамиз”, дейди Прайс.
Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Қўшма Штатлар бу масала бўйича Покистон раҳбарияти билан алоқада эканлигини таъкидлади.
“Биз ҳозирги вазият контекстида ҳам, кенгроқ маънода ҳам ёрдам кўрсатишга тайёрмиз”, дея қўшимча қилди Прайс.
Гап шундаки, жорий йилнинг 18 декабрь куни ТТП экстремистлари мамлакат шимоли-ғарбидаги Банну шаҳрида (Хайбер-Пахтунхва вилояти) терроризмга қарши кураш бошқармаси жойлашган ҳудудга бостириб кириб, у ердаги қўриқчиларни гаровга олган. Уларни озод қилиш эвазига радикаллар Афғонистонга тўсиқсиз кира олиш имкониятини талаб қилмоқда.
Маълум қилинишича, бир неча ҳуқуқ-тартибот ходимлари жароҳатланган.
Фавқулодда вазият ҳудуди ўраб олинган. Шаҳарда интернет ўчирилган, расмийлар аҳолидан уйда қолишни сўрамоқда.
Соҳиба Комиловна
LiveБарчаси