АҚШ Тайванга 385 млн долларлик қурол сотишни маъқуллади
Олам
−
30 Ноябрь 2024
1524АҚШ Тайванга F-16 қирувчи самолётлари учун эҳтиёт қисмлари ва радарларни 385 миллион долларга сотишни маъқуллади. Бу ҳақда “Reuters” агентлиги хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, Вашингтон ва Тайбэй ўртасида расмий дипломатик алоқалар йўқлигига қарамай, Қўшма Штатлар Хитой даъво қилган ўзини-ўзи ҳимоя қилиш имкониятларини Тайванга ўтказишга қонуний равишда мажбур. Аниқлик киритилишича, битимнинг асосий пудратчиси Американинг ҳарбий техника ишлаб чиқарувчи General Dynamics компанияси бўлган.
Бунгача Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши қошидаги Тайвань ишлари бўйича идора вакили Чен Бинхуа ҳам Хитой оролга қарши куч ишлатиш эҳтимолидан воз кечмаслигини маълум қилганди. У огоҳлантиргандики, агар Тайвань кескинлашув хавфини туғдирса, бу унинг йўқ қилинишига олиб келади. Ўз навбатида, Хитой раҳбари Си Цзиньпин Тайвандаги сепаратистик ҳаракатлар бу минтақадаги тинчлик ва барқарорликка мос келмаслигига ишора қилди.
Эслатиб ўтамиз, 1 ноябрь куни Тайвань Россияга ҳарбий корхоналарда қўлланилиши мумкин бўлган дастгоҳлар етказиб бериш бутунлай тўхтатилганини эълон қилганди. Тайвань иқтисодиёт вазирлигига кўра, ОАВда бундай жўнатмалар бўйича қатор текширувлар эълон қилинганидан кейин экспорт назорати қоидалари кучайтирилган. Хусусан, Россия ва Беларусга нисбатан жорий этилган санкцияларни бирламчи бузганлик учун жарима миқдори сезиларли даражада оширилган – 1 миллион Тайвань доллари (тахминан 31 минг 100 АҚШ доллари). Маълумотларга кўра, бу ишлар аллақачон ўз натижаларини берган ва Тайвандан Россияга дастгоҳлар экспорти ҳажми нолга камайгани ҳақида хабар берилганди.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси