АҚШ Тайванга 1,1 млрд долларлик қурол сотишини эълон қилди

Олам 2415
image

Кеча, 2 сентябрь куни АҚШ Тайванга қурол сотиш ва техник хизматлар кўрсатиш бўйича 1,1 миллиард долларлик учта шартномани эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти ва Пентагон таркибига кирувчи тегишли ҳукумат департаменти маълум қилди.

Маълумотларга кўра, 665,4 миллион долларлик биринчи шартнома Тайваннинг радар станцияларини жиҳозлаш ва моддий-техник таъминот билан таъминлашга қаратилган. Иккинчи шартнома 355 миллион долларга 60 та AGM-84L Harpoon Block II кемага қарши ракеталарини ва тўртта ATM-84L-1 Harpoon Block II ракеталарини, тегишли жиҳозларни (эҳтиёт қисмлар ва бошқалар) тақдим этишни назарда тутади. Учинчи шартнома 100 та AIM-9X Block II Sidewinder тактик ҳаво-ҳаво ракеталари, тўртта AIM-9X Block II тактик бошқарув блоки ва 85,6 миллион долларга тенг ускуналарни ўз ичига олади.

Ушбу шартномаларни амалга ошириш учун рухсатнома миллий қонунчиликка мувофиқ, Ташқи ишлар агентлиги томонидан чиқарилган. АҚШ маъмурияти аллақачон Конгрессни ўз қарорлари ҳақида хабардор қилган.

Қайд этилишича, АҚШ ҳукумати нуқтаи назаридан шартномаларни амалга ошириш АҚШнинг миллий, иқтисодий ва хавфсизлик манфаатларига мос келади. Келишувлар минтақадаги ҳарбий мувозанатни ўзгартирмайди.

АҚШ расмийларига кўра, келишувлар Тайваннинг армияни модернизация қилиш ва мустаҳкам мудофаа қобилиятини сақлаб қолиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Улар, шунингдек, Тайваннинг ҳозирги ва келажакдаги таҳдидларга қарши туриш қобилиятини ошириш, минтақадаги сиёсий барқарорлик, ҳарбий мувозанат ва иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашни даъво қилган.

Эслатиб ўтамиз, Америка Президенти Жо Байден маъмурияти мамлакат Конгрессидан Тайванга 1,1 миллиард долларлик қурол сотишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.

Фарангиз Салимова

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 41
Рейтинг: 3.3
t
×