АҚШ салкам 3 ойдан кейин Киевдаги элчихонасини қайта очди

Олам 1625
image

Кеча, 18 май куни АҚШнинг Киевдаги элчихонаси расман очилди. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен маълум қилди, дея хабар бермоқда “Интерфах” нашри

“Ўша кун келди. Бугун биз АҚШнинг Киевдаги элчихонасида расман иш бошладик”, дейди Блинкен ўз баёнотида.

Унинг қайд этишича, элчихона биноси устида яна АҚШ байроғи кўтарилган. Қўшма Штатлар Давлат котиби, шунингдек, Киевга қайтаётган дипломатик ходимлар хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча чоралар кўрилганига ҳам ишора қилди.

“Биз Украина халқи ва ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга содиқлигимизни яна бир бор тасдиқлаймиз”, дейилади баёнотда.

Апрель ойи охирида Блинкен Американинг Киевдаги элчихонаси кейинги “бир-икки ҳафта” ичида ишини тиклаши мумкинлигини айтганди. АҚШ Давлат котибининг таъкидлашича, Вашингтон бу масалада “эҳтиёткорлик билан” ҳаракат қилмоқда ва америкалик дипломатик ходимлар хавфсизлигини таъминлаш устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Маълумот ўрнида, жорий йил 13 февралдан бошлаб АҚШ элчихонасидаги барча консуллик хизматлари тўхтатилган, 28 февралдан эса АҚШ Давлат департаменти Киевдаги элчихонаси фаолиятини тўхтатган эди.

Камронбей Кенжаев

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 17
Рейтинг: 3.3
t
×