АҚШ рус молия ходимларини Путиннинг ваҳшийликларига шерикликда айблади

Олам

image

АҚШ Молия вазири Жанет Йеллен Ҳиндистонда бўлаётган G20 молия етакчилари йиғилишида қатнашган россиялик амалдорларни Россиянинг Украинага бостириб киришидаги ваҳшийликларга шерикликда айблади. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.

Қайд этилишича, Йеллен Россия босқинининг бир йиллиги муносабати билан қилган чиқишида G20 даги ҳамкасбларини Украинани қўллаб-қувватлаш ва Россиянинг уруш олиб бориш имкониятларини чеклаш бўйича саъй-ҳаракатларини икки баравар оширишга чақирган. 

“Мен G20 даги россиялик амалдорларни Кремль учун қилаётган ишлари уларни Путиннинг ваҳшийликларига шерик қилишини тушунишга чақираман. Улар Украинада олиб борилаётган уруш, қурбонлар ва глобал миқёсдаги зарар учун жавобгардир”, деган Йеллен. 

Шунингдек, у Россия Президенти Владимир Путиннинг озиқ-овқат ва энергияни “қуролга айлантириши” нафақат Украина, балки жаҳон иқтисодиёти ва айниқса, ривожланаётган мамлакатларга зарар етказганини айтган.

Таъкидлаш жоизки, тадбирга мезбонлик қилаётган Ҳиндистон кириш нутқида бир йилдан бери давом этаётган уруш ҳақида фикр билдиришдан қочган.

Масалан, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди молия раҳбарларини дунёнинг энг заиф фуқароларига эътибор қаратишга чақирган. Унининг таъкидлашича, СOVID-19 пандемияси ва дунёнинг турли бурчакларида ортиб бораётган геосиёсий таранглик бир неча мамлакатларда барқарор қарз даражаси ошишига, глобал таъминот занжирларининг узилишига ҳамда озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигидаги таҳдидларга олиб келган.

Маълумот учун, G20 блокига G7 мамлакатлари билан бирга Россия, Хитой, Ҳиндистон, Бразилия, Саудия Арабистони каби давлатлар киради. Тадбирнинг бошқа иштирокчилардан фарқли ўлароқ йиғилишда Москва томонидан Россия Молия вазири Антон Силуанов ва Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина эмас, балки уларнинг ўринбосарлари иштирок этган.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг