АҚШ Россияга қарши санкцияларни кенгайтирмоқчи. Бу сафар нишонда...?
Олам
−
21 Март 2022
18095Америка Қўшма Штатлари Украина атрофидаги вазият туфайли Россияга нисбатан санкцияларни кенгайтиришга тайёр. Бу сафарги рўйхатда, асосан, банклар ва иқтисодиёт тармоқлар жой олган. Бу ҳақда Оқ уй Миллий иқтисодий кенгаши директори ўринбосари Далип Сингх CBC’га берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз санкцияларимизни кенгайтиришимиз мумкин. Рўйхатимизда банклар ва иқтисодиёт тармоқлари кўпроқ”, дейди Сингх.
Унинг сўзларига кўра, агар янги чекловлар жорий этилса, улар Россия иқтисодиётининг асосий тармоқларига - нефть ва газга таъсир қилади.
“Биз асосан нефть ва газ ҳақида гапиряпмиз, лекин бошқа соҳалар ҳам бор. Ҳозир уларга аниқлик киритмоқчи эмасман, лекин Путин нима ҳақида гапираётганимизни билади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин собиқ совет республикалари иттифоқи ҳар доим санкциялар остида яшагани ва улкан муваффақиятларга эришганини айтган эди. Унга кўра, ҳозирги санкциялар нафақат Россия балки, дунё иқтисодиётига ҳам таъсир қилади.
Маълумот учун, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Бундай санкцияларга Россия ҳам жим қараб турмаяпти. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги АҚШга қарши жавоб санкцияларни эълон қилди. Москва “қора рўйхат”га АҚШ Президенти Жо Байден, Давлат котиби Энтони Блинкен, Мудофаа вазири Ллойд Остин, АҚШ Президентининг ўғли Хантер Байден ва бошқаларни киритган.
LiveБарчаси