АҚШ Россия борасида Туркияга огоҳлантириш билан чиқди
Олам
−
04 Февраль 2023
18215Америка Қўшма Штатлари Туркияни Украинадаги уруш ҳаракатларида қўлланилиши мумкин бўлган кимёвий моддалар, микрочиплар ва бошқа маҳсулотларни Россияга экспорт қилишни чеклаш ҳақида огоҳлантирди. Акс ҳолда турк ширкатлари ва банклари қонунга мувофиқ санкциялар рўйхатига тушиши мумкин. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар бермоқда.
Манбада айтилишича, АҚШ Молия вазирлигининг санкциялар масалалари бўйича юқори вакили Брайан Нельсон Туркия ҳукумати ва хусусий сектор вакиллари билан мулоқотлар ўтказган. Мазкур мулоқотларда АҚШ вакили маълум товарларнинг урушувчи давлатлар бозорига йўналтирилишини тўхтатишда ҳамкорликни кучайтиришга чақирган.
Шунингдек, жаноб Нельсон турк банкирлари билан ташкил этилган учрашувда Россияга экспортнинг йил давомида сезиларли ўсиши ортидан турк бизнес субъектлари “санкциялар хавфига қарши ҳимоясиз” қолиши мумкинлигини ёки G7 бозорларига кириш имкониятидан маҳрум қилинишини айтган.
АҚШ вакили Нельсоннинг фикрича, уруш зонаси атрофидаги мамлакатлар Россия ҳарбий-саноат комплекси томонидан қўлланилиши мумкин бўлган иккиламчи мақсадли технологиялар трансфери билан боғлиқ трансакциялар, моддий ва дастурий таъминот алмашинувларига йўл қўймаслик учун қўшимча эҳтиёт чораларини кўришлари керак. АҚШ вакили тахмин қилган кимёвий моддалар, микрочиплар йўналишидаги Россия-Туркия савдоси ҳажми эса ойига ўнлаб миллион долларни ташкил этиб, ғарбий зонада хавотирни кучайтиради.
Умуман олганда, НАТОга аъзо Анқара Россияга қарши кенг қамровли санкцияларга моҳият жиҳатдан қарши. Ғарб давлатлари экспорт назорати ва санкцияларни қарийб бир йил аввал Москвага нисбатан қўллай бошлаганига қарамасдан, Гонконг, Туркия ва яна айрим бошқа марказлардан таъминот каналлари очиқлигича қолмоқда.
Россия божхона органлари маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 31 октябригача бўлган етти ой ичида камида 2,6 миллиард доллар ҳажмдаги компьютер ва бошқа электрон компонентлар Россияга оқиб ўтган. Бу маҳсулотларнинг камида 777 миллион доллари Ғарб фирмалари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлардир. Қайд этилишича, Туркияда фаолият юритувчи ғарб корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган микрочип қурилмалари Россия ҳарбий техникалари ва қуролларида ҳам аниқланган.
LiveБарчаси