АҚШ Путиннинг сўзларидан тўлқинланиб кетди – Байден
Олам
−
23 Апрель 2021
23389Россия Президенти Владимир Путиннинг глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича саммитда йўллаган чақириқлари АҚШни тўлқинлантириб юборди, Вашингтон бу соҳада Москва билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 23 апрель куни АҚШ Президенти Жо Байден Америка маъмурияти ташаббуси билан ташкил этилган ушбу саммитнинг охирги кунидаги мурожаатида сўзлаб берди.
“Президент Путиннинг кеча карбонат ангидрид газини йўқ қилиш бўйича халқаро ҳамкорликка чақиргани мени жуда руҳлантирди. АҚШ бу ҳаракатлар устида Россия ва бошқа мамлакатлар билан ишлашни орзиқиб кутмоқда”, дейди Америка Президенти.
Байденнинг таъкидлашича, АҚШ ва Россия икки ўртадаги келишмовчиликларга қарамай, барча давлатлар манфаати учун иқлим ўзгаришига қарши курашда самарали ҳамкорлик қилиши мумкин.
“Бизда Россия Президенти Владимир Путин билан келишмовчиликлар мавжуд. У билан ўртамизда катта келишмовчиликлар бўлишига қарамай, икки йирик давлат ўзаро ҳамкорлик қилиши мумкин ва бу ҳаммага фойда келтиради”, дейди у.
Байден, шунингдек, тоза энергияга ўтиш, амалдаги иқтисодий моделларни шунга мувофиқ равишда қайта қуриш мақсадида кенг кўламли ва фаол ишларни бошлаш тарафдори эканини маълум қилган.
“Ўз фарзандларимиз ва набираларимиз учун янада яхши иқтисодиётни барпо этиш вақти келди, шунда ҳаммамиз нафақат ҳозир, балки келажакда ҳам гуллаб-яшнай оламиз”, дейди Оқ уй раҳбари.
Байден саммитда қатнашган бошқа иштирокчиларга ҳам миннатдорлик билдириб, ушбу саммит ноябрь ойида Глазгода ўтказилиши режалаштирилаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг конференциясига уланишини таъкидлаган.
Маълумот ўрнида, Путин иқлим ўзгаришига қарши саммит доирасида 2050 йилгача углерод чиқиндиларини камайтиришга буйруқ берганини айтган. Шунингдек, у 1990 йилдан бери Россияда кўплаб мамлакатларга қараганда иссиқхона газлари чиқиндилари камайтирилганини таъкидлаган.
“Ишонаманки, иқлимни сақлаш учун кураш, албатта, бутун дунё ҳамжамиятини саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақиради. Россия қўшма лойиҳаларнинг бутун мажмуини таклиф қилишга, ҳатто тоза технологияларга, шу жумладан бизнинг мамлакатимизга сармоя киритмоқчи бўлган хорижий компаниялар учун ҳам имтиёзлар бериш имкониятини кўриб чиқишга тайёр”, деган эди Путин.
LiveБарчаси