АҚШ Путиннинг маъшуқасига санкция қўллашга қўрқяпти – WSJ
Олам
−
25 Апрель 2022
51614АҚШ “Миллий медиа гуруҳи” директорлар кенгаши раиси Алина Кабаевага қарши санкциялар пакетини тайёрлади, бироқ ҳозирча уни амалга оширишни кечиктирди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” манбаларга таяниб ёзмоқда.
АҚШ Молия вазирлиги расмийларига кўра, санкцияларни жорий қилиш Россия Президенти Владимир Путин бунга “тажовузкор муносабатда бўлиши” мумкинлиги хавфи сабаб кечиктирилмоқда.
WSJ манбаларига кўра, расмий Вашингтон Кабаевага қарши санкциялар қўлланилиши “Россия ва АҚШ ўртасидаги зиддиятнинг янада кучайишига” олиб келиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ расмийлари Кабаева Путиннинг “камида учта фарзанди”нинг онаси ва у “Путиннинг хориждаги шахсий бойлигини яширишда” муҳим рол ўйнаши мумкин, деб ҳисоблайди.
Шу билан бирга, Вашингтон ҳар қандай ҳолатда ҳам санкциялар Украинадаги жанговар ҳаракатлар динамикасига таъсир қилмаслигини тан олади.
“Биз максимал самарага эришиш учун ушбу санкцияларни қачон жорий этишни таҳлил қилишда давом этамиз”, деган манбалардан бири.
Маълумот учун, АҚШ Россия Президенти Путиннинг қизлар деб билинган Катерина Тихонова ва Мария Воронцовага нисбатан санкция жорий қилган.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.
Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.
Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.
АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди.
9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.
6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди.
7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.
LiveБарчаси