АҚШ пандаларсиз қолмоқда. Хитой уларнинг ҳаммасини қайтариб оляпти

Олам

image

Вашингтон ҳайвонот боғидаги учта йирик панда шу йилнинг декабрь ойида Хитойга қайтади. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг маълум қилди.

Ундан бу ҳаракат АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг ёмонлашувини акс эттирадими ёки йўқми, деб сўралган. 

“Улкан пандалар нафақат Хитойнинг миллий бойлиги, балки улар бутун дунё халқлари томонидан мамнуният билан кутиб олинади ва севилади, уларни дўстлик элчиси ва кўприги дейиш мумкин. Биз йўқолиб кетиш хавфи остида турган турларни ҳимоя қилиш соҳасида шерикликни кучайтириш учун, жумладан, АҚШ билан ҳамкорликни давом эттиришга тайёрмиз”, деган Мао Нинг.

Пандалар — Мэй Сян ва Тянь Тянь Вашингтон ҳайвонот боғига 2000 йилда ҳайвонот боғи ва Хитой ёввойи табиат ассоциацияси ўртасидаги келишув доирасида келтирилган. Жуфтлик тадқиқот ва наслчилик дастури учун шу ерда ўн йил қолиши керак эди, аммо Хитой билан шартнома бир неча бор узайтирилди. 2020 йилнинг 21 августида ҳайвонот боғида Сяо Ци Цзи лақабли пандача дунёга келди ва ўша йили ҳайвонот боғи учта пандани 2023 йил охиригача сақлаш учун яна уч йиллик шартнома имзолади.

“Bloomberg” маълумотларига кўра, Атланта, Сан-Диего ва Мемфисдаги ҳайвонот боғлари аллақачон ўз пандаларини қайтариб берган ёки келаси йил охиригача буни амалга оширади. Шундай қилиб, барча пандалар АҚШни тарк этади.

Апрель ойида Пекин 2003 йилда АҚШга дўстлик элчиси сифатида юборилган Я Я пандасини Мемфис ҳайвонот боғидан олиб кетган. Ҳайвонот боғи 2022 йил декабрь ойида Я Яни Хитойга қайтаришини эълон қилган ва 20 йиллик қўшма тадқиқотларни якунлаган. 

Маълумот учун, дунёдаги барча пандалар Хитойга тегишли ҳисобланади, аммо Пекин 1984 йилдан бери ҳайвонларни хорижий мамлакатларга ижарага бериб келмоқда. Хитой томонидан хорижий давлатлар билан муносабатларни яхшилаш учун фойдаланиладиган ушбу халқ дипломатияси воситаси “панда дипломатияси” деб аталади.

2021 йилда Хитой ҳукумати пандаларнинг табиатдаги популяцияси тиклана бошлагани ва уларнинг сони 1,8 мингга етгани сабабли уларни “йўқолиб кетиш хавфи остидагидан “заиф” даражага туширди. Хитой энди ўз миллий боғлари тармоғини яратмоқда, бу эса ҳайвонларни кўпайтириш ва сақлаш учун хорижга жўнатишни талаб қилмаслиги мумкин.

АҚШ Президенти Жо Байден маъмуриятининг бу борадаги хулосалари билан таниш бўлган манбанинг айтишича, Вашингтон ҳайвонот боғи ҳайвонлари Хитойга қайтариб юборилишидан олдин Пекин билан пандаларни ижарага беришни муҳокама қилишни режалаштирмоқда. Хитойнинг Вашингтондаги элчихонаси матбуот котиби Лю Пэньюнинг айтишича, томонлар гигант пандани сақлаш ва тадқиқ қилиш соҳасида келажакдаги ҳамкорликни муҳокама қилишмоқда. 

Кейинги музокаралар истиқболи ҳақидаги саволга Давлат департаменти вакили панда ҳақидаги келишув ҳукуматлар ўртасида эмас, балки Миллий ҳайвонот боғи ва Хитой ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ассоциацияси ўртасида тузилганини айтган. Унинг таъкидлашича, ўтган ҳамкорлик ҳар икки томоннинг хайрихоҳлик ишораси бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made