АҚШ Мексика чегарасига зирҳли техника жойлаштириши мумкин – WP
Олам
−
25 Январь
2130АҚШ маъмурияти Мексика чегарасида ноқонуний миграцияга қарши курашиш мақсадида Stryker зирҳли транспорт воситаларини ва қўшимча ҳарбий кучларни сафарбар қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Washington Post” хабар берди.
Хабарга кўра, жами 10 минггача ҳарбийларни, жумладан, 20 тонналик зирҳли транспорт воситалари билан жиҳозланган пиёда қўшинларини юбориш масаласи муҳокама қилинмоқда. Бу Техас ва Калифорния штатларидаги чегара ҳудудларида ҳозирда жойлашган тахминан 2,5 минг ҳарбийларнинг сонини сезиларли даражада оширади.
Ҳарбийлар Америка чегарачиларига ноқонуний йўл билан чегарани кесиб ўтишга уринган мигрантларни аниқлаш ва ушлашда ёрдам беради.
ABC телеканалига кўра, ноқонуний мигрантларни АҚШдан мунтазам равишда ҳарбий самолётларда чиқариб юбориш амалиёти бошланади. Шунингдек, Трамп ҳокимиятга келганидан кейин АҚШнинг миграция органлари мамлакатда ҳужжатсиз яшаётган 11 миллионга яқин мигрантни ҳибсга олиш ваколатига эга бўлган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Ички хавфсизлик вазирлигининг Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) бўлими иммигрантларга мамлакатда вақтинча яшаш имконини берувчи бир қатор дастурларни тўхтатиш бўйича кўрсатма бергани хабар қилинганди. Бу қарор, хусусан, молиявий ҳомийлари бор украиналикларга вақтинчалик мақомда АҚШга кириш имконини берган асосий ташаббус – “Украина учун бирлашув” (Uniting for Ukraine) дастурига тегишли. Шунингдек, Вашингтон Венесуэла, Гаити, Никарагуа ва Кубадан келган 500 мингдан ортиқ муҳожирларга ҳомийлар билан АҚШга вақтинча кириш имконини берган дастурини тўхтатмоқда.