АҚШ маъмурияти мигрант болаларни яширинча кўчиряпти – NYP
Олам
−
20 Октябрь 2021
4877АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти вояга етмаган муҳожирларни самолёт билан яширинча Техас штатидан Нью-Йоркка олиб кетмоқда. Бу ҳақда “The New York Post” нашри хабар берган.
“Вояга етмаган муҳожирлари бўлган самолётлар яширинча Нью-Йоркнинг чеккасига жўнатилмоқда”, дейилган нашрда.
Манбаларда айтилишича, муҳожирлар бўлган чартер рейслар камида жорий йилнинг августидан бери Техасдан кетмоқда.
Таъкидланишича, бир ҳафта олдин Нью-Йоркнинг Вестчестер округи аэропортига иккита самолёт қўнган, келганларнинг аксарияти болалар бўлган. Йўловчилар орасида оз сонли катта ёшли эркаклар ҳам бўлган. Сўнг муҳожирлар полиция ходимлари иштирокида автобусларга жойлаштирилган.
Қайд этилишича, келганлар кейинчалик қариндошлари билан Нью-Жерси штатида ёки Нью-Йорк жанубидаги махсус муассасада кўришган.
Нашр таҳлилига кўра, жорий йилнинг 8 августидан буён икки мингга яқин вояга етмаган муҳожир 21 та рейс билан аэропортга келган, бу самолётларнинг бир қисми ўз манзилига кечаси ёки эрта тонгда етиб келган.
Маълумот ўрнида, Байден Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимида ишни ўзидан олдинги Президент Дональд Трамп томонидан киритилган иммиграция ташаббуслари ва чекловларини бекор қилишдан бошлаган.