АҚШ Кремль ва Путин атрофидан кимларга санкция тайёрлаётгани ошкор бўлди
Олам
−
31 Январь 2022
11164АҚШ Президенти Жозеф Байден Администрацияси Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса, рус элитаси вакилларидан кимлар тақиққа учрашини маълум қилди. Бу ҳақда Администрациянинг юқори лавозимдаги масъуллари CNN’га берган интервьюси давомида айтиб ўтган.
Расмийларга кўра, санкция Россия ҳукумати вакиллари, олигарх ва бизнесменларга нисбатан жорий қилинади.
“Махсус санкциялар пакети Кремль ичида ва атрофида юрган, ҳукумат қабул қилаётган қарорларга тўғридан-тўғри алоқадор ёки Кремлнинг бошқа мамлакатларни мувозанатдан чиқариб юбориш йўлидаги ҳаракатларига дахлдор ҳукумат вакиллари ва рус элитасига қарши қаратилган”, дея билдирган АҚШ расмийлари.
Расмийларнинг қўшимча қилишича, санкциялар рус элитасининг оила аъзолари учун ҳам дахлдор бўлади. Аммо Президент Администрацияси вакиллари санкциялар жорий қилинадиган шахсларнинг исми ва кимлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотни очиқламаган.
“Бизда ичидан танлаб олишимиз мумкин бўлган шахсларнинг узун рўйхати бор. Биз рўйхат мазмуни ва уларнинг шахси ҳақида ортиқча маълумотларни ошкор эта олмаймиз, аммо тақиқ рўйхатдаги Путинга яқин одамлар, уларнинг оила аъзолари ва мол-мулкига қаратилган бўлади”, дея билдирган расмийлар.
Байден маъмурияти тайёрлаётган санкциялар АҚШнинг Россияни Украинага ҳужум қилишдан қайтариш йўлидаги саъй-ҳаракатлари намунаси эканлиги билдирилмоқда. Бундан аввал, АҚШ Украина билан чегара ҳудудида 100 минглаб қўшин тўплаган Россияга нисбатан турли хил огоҳлантириш ва таҳдидлар билан чиққан эди.
Ўтган ҳафта Президент Байденнинг ўзи журналистларга, агар Россия ҳужумни бошлайдиган бўлса, АҚШ ва Ғарбнинг санкциялари шахсан Путинга қаратилиши ҳақида маълум қилганди.
Бундан ташқари, бугун 31 январь куни Жо Байден Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ас-Сонийни Вашингтонга таклиф қилган. Билдирилишича, томонлар учрашув мобайнида Европага газ етказиб бериш масаласини асосий кун мавзуси сифатида муҳокама қилади.
Европа жазо тариқасида Россия гази импортидан воз кечиб, нефть ва газни Қатардан сотиб олишни режалаяпти. Бунда АҚШ Қатар ва Евроиттифоқ ўртасида воситачилик қилишни кўзлаган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси