АҚШ, Корея ва Япония КХДРга санкция киритди
Олам
−
02 Декабрь 2022
6413Япония ҳукумати Токио маълумотларига кўра, Корея Халқ Демократик Республикаси ҳукумати ва унинг ядровий ракета дастури билан боғлиқ бўлган учта гуруҳ ва ташкилотга, шунингдек, бир шахсга нисбатан санкциялар жорий этишга қарор қилди. Бу ҳақда бугун, 2 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Япония Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Мацуно маълум қилди.
“Ҳукумат йиғилишида қўшимча санкциялар рўйхатига Хавфсизлик кенгаши резолюциялари билан тақиқланган Шимолий Кореянинг ядровий ракета дастурига алоқадор бўлган учта ташкилот ва бир шахсни киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди”, дейди у.
Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган рўйхатга Korea Haegumgang Trading Corporation ва Korea Namgang Trading Corporation савдо компаниялари, Lazarus Group хакерлар гуруҳи ва КХДР қурол-яроғ саноати департаментининг Вьетнамдаги вакили киритилган. Ҳозирда Токионинг санкциялар рўйхатида Шимолий Корея билан алоқадор 68 та юридик шахс ва 72 та жисмоний шахс бор.
Токио томонидан киритилган санкциялар, агар улар аниқланса, ушбу шахслар ва ташкилотларнинг ҳисобларини музлатиш, шунингдек, улар билан операцияларни кузатишни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, Сеул ва Вашингтон КХДРга қарши индивидуал санкциялар киритди. Жанубий Кореянинг санкциялар рўйхатига КХДРнинг саккиз фуқароси ва етти нафар ташкилоти, АҚШ рўйхатига эса уч нафар шахс киритилган.
Япония ҳукумати баёнотида қайд этилганидек, бундай қарор Пхеньян япон фуқароларини ўғирлаш билан боғлиқ муаммони бартараф этишга ҳаракат қилмаётган бир шароитда қабул қилинган. Бундан ташқари, Токио Шимолий Кореянинг 18 ноябрь куни синовлар чоғида учирилган қитъалараро баллистик ракетаси Япониянинг эксклюзив иқтисодий зонасига тушиб қолганини эслатди. Япония мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, у оддий траектория бўйлаб учирилганда 15 минг кмдан ортиқ масофани учиб, АҚШга етиб бориши мумкин.