АҚШ Конгресси инфляцияни жиловлаш учун $430 млрдлик пакетни маъқуллади
Олам
−
13 Август 2022
2549Кеча, 12 август куни АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси ҳукумат томонидан 430 миллиард доллар ажратилишини кўзда тутувчи, инфляцияни пасайтиришга қаратилган ташаббуслар тўпламини маъқуллади. Бу ҳақда АҚШ қонун чиқарувчи органи қуйи палатаси сайтида маълум қилинган.
Овозлар партия чизиғи бўйича тақсимланди: 220 демократ ташаббуслар пакетини қўллаб-қувватлаган, 207 республикачи қарши овоз берган.
Сенат ушбу пакетни ўтган ҳафта маъқуллаган, энди у имзолаш учун АҚШ Президенти Жо Байденга юборилади.
755 саҳифали матндан иборат қонун лойиҳаси федерал бюджет тақчиллигини камайтириш, соғлиқни сақлаш учун давлат харажатларини камайтириш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш каби қатор чора-тадбирларни ўз ичига олади.
Бундан ташқари, таклиф этилаётган дастурлар учун зарур бўлган маблағларни қисман таъминлаши керак бўлган йирик корпорацияларга солиқ солишни кучайтириш кўзда тутилган. АҚШ расмийлари бу чора-тадбирларнинг барчаси келажакда мамлакатдаги инфляция даражасини пасайтиришини кутмоқда. Ҳукмрон Демократик партия бу қадамларни қўллаб-қувватламоқда.
Байден ўз Twitter саҳифасида шундай деб ёзган: “Америка халқи бугун ғалаба қозонди. Рецепт бўйича бериладиган дори-дармонлар нархи пасаяди, соғлиқни сақлаш харажатлари ва ёқилғи нархи пасаяди. Мен келгуси ҳафта қонунни имзолашни сабрсизлик билан кутаман”.
Унинг қўшимча қилишича, қонун лойиҳаси қабул қилингани муносабати билан 6 сентябрь куни Оқ уйда зиёфат бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Президенти Жо Байден 10 август куни таътилни ўтказиш учун Киауа оролига (Жанубий Каролина) жўнаб кетганди. Президент у ерда оиласи билан етти кун дам олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь