АҚШ Хитой билан ҳарбий тўқнашувга тайёр эмас – WSJ

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари ҳозирги ҳолатида Хитой билан ҳарбий тўқнаш келган тақдирда ғалаба қозона олмайди. Бу ҳақда кеча, 16 октябрь  куни “The Wall Street Journal” Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (СSIS) ҳисоб-китобларига асосланиб, хабар берди.

СSIS экспертларининг фикрига кўра, Украина атрофидаги вазият Америка ҳарбий-саноат комплексининг муаммоларини, хусусан, унинг сустлиги ва ишлаб чиқаришни кўпайтиришдаги қийинчиликларини кўрсатиб берди, бунинг натижасида АҚШ армияси яқин орада зарур қуроллар борасида минтақавий можарога дучор бўлади. СSIS мутахассислари томонидан тузилган Тайвань бўғозидаги АҚШ-Хитой урушининг йигирмага яқин сценарийларида АҚШ бир ҳафта ичида ўзининг барча "ҳаво-ер" типидаги ракеталари ҳамда узоқ масофали кемага қарши ракеталарини ишлатиб юборган.

Манбанинг қайд этишича, АҚШ ҳарбий-саноат компанияларининг молиявий хавфлар туфайли Пентагон билан ўқ-дорилар ишлаб чиқариш бўйича узоқ муддатли шартномалар тузишни истамаслиги муаммонинг бир қисмидир. Бундан ташқари, етказиб бериш занжирлари, турли материаллар ва бутловчи қисмлар борасида, хусусан, Хитой монополияси ҳисобланган ноёб тупроқ металлари, шунингдек, алюминий, титан ва микроэлектроника билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

“Patriot” зенит-ракета комплекслари ёки Tomahawk қанотли ракеталари каби техник тизимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш йиллаб вақт олиши  мумкин.

“Айрим турдаги ракеталар ва тизимларни ишлаб чиқариш тахминан икки йил давом этиши мумкин. Бу фақат биринчи ракеталарни етказиб бериш саналари", дейди тадқиқот муаллифлари.

Маълумот ўрнида, Тайвань 1949 йилда Чан Кайши  (1887-1975) бошчилигидаги гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлуб бўлиб, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолди. ХХРнинг аксарият давлатлар томонидан қўллаб-қувватланган расмий позициясига кўра, орол Хитой провинцияларидан бири ҳисобланади.

Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, ХХР билан яқинлашди. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2-3 август кунлари АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг оролга ташрифи ортидан Тайвань бўғози минтақасидаги кескинлик жиддий равишда авж олди, бу эса Пекиннинг кескин танқидига сабаб бўлди.

Мусулмон Зиё


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

424

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг