АҚШ Қошиқчининг ўлими учун Саудияни жазоламоқчи
Олам
−
27 Февраль 2021
5073Аввалроқ, АҚШ Президенти Жо Байден Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдул Азиз ал-Сауд билан телефон орқали музокара ўтказгани ҳақида хабар бергандик.
Суҳбат давомида АҚШ Президенти Саудия Арабистони қиролига "уларни инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун жавобгарликка тортишини" айтган. Бу ҳақда Байден Univision медиакомпаниясига берган интервьюсида гапирган.
Байден, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларда "қоидалар ўзгариб бораётганини" айтган.
"Кеча мен валиаҳд шаҳзода билан эмас, қирол билан гаплашдим. Унга қоидалар ўзгариб бораётганини тушунтириш керак, биз бугун ва душанба куни муҳим ўзгаришлар ҳақида хабар берамиз. Биз уларни инсон ҳуқуқлари бузилгани учун жавобгарликка тортамиз", деган Байден.
Байденнинг қўшимча қилишича, агар Ар-Риёд АҚШ билан ишлашни хоҳласа, инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга эътибор қаратиши керак.
АҚШ разведкаси мухолиф журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилишини Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон шахсан ўзи маъқуллаган деб ҳисоблайди.
Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмонни танқид қилгани билан танилган, шунингдек, "Washington Post" газетасининг шарҳловчиси бўлган Жамол Қошиқчи 2018 йил 2 октябрь куни Саудия Арабистонининг Истанбулдаги Бош консуллигига кириб, қайтиб чиқмаганди.
Кейинроқ Қошиқчи консулликнинг ўзида ўлдирилгани ва унинг жасади қисмларга ажратилгани маълум бўлганди.
Саудия Арабистони орадан бир неча ҳафта ўтиб, журналистнинг ўлимини тан олганди. Суд қарорига биноан беш кишига 20 йилдан, олтинчи судланувчига 10 йил, яна икки кишига етти йилдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.